Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказиладиган тадбир

ТАБРИК СЎЗ

Ассалому-алайкум қадрли аскарлар, сержантлар ва офицерлар! Ҳурматли дўстлар!

Бугунги тадбиримиз мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеа - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида ўтказилмоқда.

Сиз азиз ҳарбийларни ҳамда бутун туманимиз аҳлини мана шу улуғ байрам билан чин қалбимдан самимий табриклашга рухсат бергайсизлар.

Азиз дўстлар!

Биз биламизки азал-азалдан ҳарбийлик  касби машаққатли, шу билан бирга шарафли касб сифатида саналиб келинган. Машаққати шундаки, ватанимизнинг тинчлиги ва осойишталиги учун барча масъулият ҳарбийларимиз зиммасига тушади. Улар кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, қаҳратон совуққа ҳам, жазирама иссиққа ҳам бардош бериб ватанимиз тинчлигини, унинг сарҳадларини қўриқлаб келишмоқдалар.

Бугун биз, миллий армиямиз ҳарбий ватанпарварлик, ҳарбий қурилиш ва ҳарбий саноат соҳасида дунёдаги энг яхши тажрибаларни қўллаган ҳолда, чегараларимиз хавфсизлигини таъминлашнинг ишончли кафолатига айланди деб ғурур билан айта оламиз. Ўзбекистон Қуролли Кучларининг таянчи ва суянчи бўлган замонавий ҳарбий хизматчилар тимсолида биз авваламбор чуқур билим ва интеллектуал салоҳиятга, ўз муқаддас ҳарбий бурчини бажариш йўлида қатъий ирода ва мустаҳкам тайёргарликка эга бўлган, она юртимизга садоқатли, мард ва фидойи инсонларни кўрамиз ҳамда улар билан ҳақли равишда фахрланамиз. 

Қадрли дўстлар!

Ҳозирги кунда жаҳон миқёсида вазият қандай тез ўзгариб, дунёнинг айрим минтақаларида аҳвол тобора кескин тус олаётгани, турли қарама-қаршиликлар, можаро ва қон тўкишлар кучайиб, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи ортиб бораётгани бизда чуқур ташвиш ва хавотир туйғусини уйғотмасдан қолмайди. Юзага келаётган ана шундай мураккаб ва оқибатини олдиндан айтиб бўлмайдиган вазиятлар нафақат ҳарбийлардан, балки  барчамиздан юқори даражадаги огоҳликни сақлашни талаб этади.

Мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, армия ва халқ бирлигини таъминлаш борасида жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ролини ошириш бўйича ишлар бутунлай янги сифат босқичига кўтарилди.

Ватан ҳимоячилари кунини кўтаринки ва таъсирчан руҳда, ҳақиқий халқ байрами сифатида, янгича шаклда ташкил этиш мақсадида Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.

Туманда ушбу фармойишнинг ижросини таъминлаш мақсадида “Ватан-муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” деган умумий ғоя остида маданий-маърифий тадбирлар ҳамда спорт мусобақалари ўтказилиб келинмоқда.

Шунингдек, туман ҳокимлиги томонидан 2018 йилда туман Мудофаа ишлари бўлимининг моддий техник базасини яхшилаш, биносини таъмирлаш ва хизмат автомашинаси учун 256 млн сўм маблағ ажратилиб таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Азиз тадбир қатнашчилари!

Ватанни ҳимоя қилишдек мураккаб, айни пайтда дунёдаги энг олижаноб ва масъулиятли бурчни шараф билан адо этиб келаётган инсонлар  подполковник Шамшитдинов Санжарбек Рўзибоевич раҳбарлик қилиб келаётган марказий штаб базасида ҳам кўплаб топилади.

Туман ҳокимлигининг ташаббуси билан 2019 йилда ушбу ҳарбий қисмдаги ҳарбийларнинг турар жойлари тўлиқ таъмирланиб, улар учун  барча шароитлар яратиб берилади.

Худди шундай, илиқ фикрларни мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада юксалтириш, ёшларни миллий ғоя ва она-Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, Ватан ҳимоясига муносиб ёшларни тайёрлаш борасида ҳормай-толмай иш олиб бораётган туман Мудофаа ишлари бўлими ходимлари тўғрисида ҳам айтишимиз мумкин.

Мана шу қутлуғ байрам кунида Сизларнинг барчаларингизга  ўзимнинг улкан миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

Азиз дўстлар, мард ва жасур ҳарбийларимиз ҳамда тантанамиз қатнашчилари!

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни байрами билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

Эътиборларингиз учун раҳмат!

Нарпай тумани ҳокими Б.Жабборов

2015-2019 © GOVERNMENT OF NARPAY DISTRICT. Maked by: SAKTRM