Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ўтадиган тадбирдаги табрик сўзи

Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ўтадиган тадбирдаги табрик сўзи

Ассалому алайкум, ҳурматли нуроний отахону онахонлар, мунис опа- сингиллар, азиз нарпайликлар! Авваламбор, барчангизни бугунги яшариш ва уйғониш айёми—Наврўз байрами билан чин дилдан табриклашга ижозат бергайсизлар.

Наврўзи оламни биз барча Шарқ халқлари қатори азал-азалдан, аниқроғи, минг йиллар давомида нишонлаб келмоқдамиз. Демак, Наврўз кеча ёки бугун шаклланган байрам эмас, балки ўзида минг бир тарихни мужассам этган, инсонларни
меҳр-мурувватга, диёнатга бошлаган, адолат ва инсонийлик тамойилини намойиш этган қутлуғ айёмдир.

Бу дилбар фаслда табиатнинг фусункорлиги ва  уйғониши билан ўзимизни янгитдан туғилгандек ҳис қиламиз, қалбларимиз пок ниятларга тўлиб, бутун вужудимизда эзгу ниятлар жўш уради.

Муҳтарам Президентимизнинг “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганлиги барча элу-юртимизда яшаётганларнинг орзу интилишларини намоён этиб, Наврўз байрами мустақиллик йилларида янгича маъно-мазмунга эга бўлди. Халқимиз ушбу улуғ байрамни “Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин” деган ғояни ўзида мужассам этган айём сифатида кенг нишонламоқда.

Республикамизда бўлгани сингари туманимизда ҳам хайрли-савобли ишлар бошлаб юборилди.

Азизлар! Ҳақиқатдан ҳам  юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларини ўзида мужассам этган. Зеро, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном берганлиги  замирида ҳам фуқароларнинг кўнглида кечаётган ўй ва уларни қийнаб келаётган масалаларга эътиборни қаратиш, давлат бошқарув органлари фаолиятини очиқлигини таъминлаш ҳар бир раҳбарнинг устувор вазифаси эканлигини белгилаб бердилар.  

Хабарингиз бор, кейинги бир йилдан ортиқ вақт давомида барча маҳаллаларда туманимиз раҳбарлари одамлар билан юзма-юз очиқ мулоқотлар ўтказишди. Аҳолини қийнаб келаётган кўпгина муаммоларга ечим топилди. Биринчи навбатда, жамоат транспорти-автобус қатнови йўлга қўйилди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 1,5 млрд сўмлик ишлар бажарилди. Бунинг натижасида, туманимизнинг 14 та қишлоғида истиқомат қилаётганларнинг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилди.

Ички йўлларни таъмирлаш ҳам диққат марказимизда. Ўтган 2017 йилда 10,6 км йўл таъмирланди. 2018 йилда  эса 16,4 км йўл таъмирланиши режалаштирилди  ва амалга ошириш ишлари бошланди. Шуни мамнуният билан тилга олишни истардимки, Сизу биз Наврўз байрамини кўтаринки руҳда кутиб олаётган ҳамда нишонлаётган ушбу истироҳат боғи инновацион технологиялар асосида жиҳозланиб, янги кўнгилочар аттракционлар ўрнатилди. Рангли мусиқали фаввора ва Нуронийлар маскани  қурилиб, фойдаланишга топширилди.  

Азизлар! Барча соҳаларда эришаётган ютуқларимиз аввало, Сизларнинг она диёримиз равнақига қўшаётган ҳиссангиз туфайлидир. Ана шу ҳамжиҳатлик натижасида саноат, қурилиш, энг муҳими, қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан ютуқларга эришмоқдамиз.

Шу ўринда мамнуният билан таъкидлашни истардимки, ҳамюртларимиз Зайнаб Ҳайдарова ҳамда Дилмурод Дониёровларни давлатимиз раҳбарининг фармони билан унвон ва орден олишлари барчамизни хурсанд қилди.

Ҳурматли Нарпайликлар! Ўтган йилги Наврўз байрамида “Ёш китобхонлар” кўрик-танловининг вилоят босқичида иштирок этиб, фахрли ўринни қўлга киритган ўқувчи ёшларимизга тантанали равишда совғаларни топширгандик. Бу борада  туманимизда кутубхоналар ва китоб дўконлари фаолиятини ривожлантиришга, ўғил-қизларимизни, қолаверса, ўрта ва кекса авлод вакилларини китоб мутолаасига бўлган қизиқишини ошириш борасида тегишли чора-тадбирлар режаси амалга оширилмоқда.

Ушбу саъй-ҳаракатларимиз ижобий самара бериб, Нарпай қизи, 17-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Моҳинисо Шомуродова китобсеварлиги ва билимдонлигини  амалда намойиш этиб, Республика китобхон  ёшлари кўрик-танловида   биринчи ўринга  лойиқ  деб топилиб, муҳтарам Президентимизнинг совғаси “СПАРК” автомашинаси билан тақдирланди. Биз Моҳинисо ва унинг оила аъзоларини, мактаб жамоасини ва барча-барчаларини ушбу ютуқ билан чин юракдан табриклаймиз.  

Худди шунингдек таълим тизимида эришилаётган ютуқлар  барчамизни хушнуд этмоқда жумладан: Тумандаги 47-умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси Норова Мехринисо “Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси” Республика кўрик-танловида фахрли биринчи ўринни эгаллаб Англияда ўн беш кун давомида ўз билимини ошириб келганлиги қалбларимизни тўлқинлантириб юборди.  Шу билан бирга умумий ўрта таълим  мактаби ўқувчилари ўртасида ОНЛАЙН тести натижалари бўйича тумандаги 17,57,59-мактабларнинг ўқувчилари 7 та фан йўналишида энг юқори балл тўплаб Республикада биринчи ўринга лойиқ деб топилдилар ҳамда 27-болалар мусиқа ва санъат мактабининг ҳалқ  чолғулари дастаси Республика кўрик-танловида фахрли биринчи ўринни эгаллашлари  барчамизни хурсанд қилди.

2018 йил Юртбошимиз ташаббуси билан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да Нарпай халқининг олдида катта вазифалар турибди. Биз энг аввало, аҳоли бандлигини таъминлаш, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларни, ногиронлиги бор фуқароларни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, таълим, тиббиёт, спорт,  шунингдек, бошқа соҳаларда кескин ўзгаришлар қилиш учун  барча зарурий чораларни  кўришимиз зарур бўлади.

Муҳтарам юртдошлар!  Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни Наврўз айёми билан яна бир бор табриклаб, ўзимнинг қалбимдаги энг самимий тилакларимни изҳор этаман. Наврўзи олам юртимизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин. Ҳар бир оила, ҳар бир  хонадонда яхши кунлар, тўй-томошалар кўп бўлсин. Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз омон, ҳар кунимиз Наврўз бўлсин.

Эътиборингиз учун раҳмат

Нарпай тумани ҳокими Б.Жабборов

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Maked by: SAKTRM