Ийд Рамазон ҳайити муносабати билан Нарпай туман ҳокими Ботир Шукурович Жабборовнинг ТАБРИК СЎЗИ

Муҳтарам ҳамюртлар, азиз биродарлар!

Муқаддас ислом динининг улуғ айёмларидан бири бу – Ийд Рамазон ҳайитидир.  Ушбу байрам Рамазон ойи сўнггида кенг нишонланади. Бу кунда ислом динининг  инсонпарварлик моҳияти бўлмиш яқинлар ҳолидан хабар олиш, муҳтожларга кўмак бериш каби эзгу ишлар амалга оширилади. Аслида динимиз бизни фақат эзгуликка чорлайди. Тинчликни қадрлаш, бағрикенглик, шукроналик сингари олижаноб ғояларни ўзида мужассам этган.

Рамазон ойи олдидан муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Ушбу қарор мамлакатимизда виждон эркинлигининг, шу каби қадриятларнинг улуғланаётганлиги, ислом динининг  ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида алоҳида ўрни борлигининг ифодасидир.

Муборак ойда ҳамюртларимиз динимиз буюрган фарзлардан бири – рўза тутиш амалини адо этдилар. Бунинг учун туманимиздаги мавжуд 18 та жомъе масжидлари ҳамда 96 та қабристонларда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари бажарилди. Ифторликдан сўнг масжидларда таровеҳ намозлари ўқилиши учун шароитлар яратилди. Савобларга бой кунларда рўза тутиб, иродасини чиниқтирган одамларнинг саноғи йўқ. Улар ўз навбатида халқимизга омонлик, юртимизга тинчлик тилаб дуода бўлдилар. Бу эса савобталаб мўминларнинг ортаётганидан далолат.
Қалбида Аллоҳни жо қилган, бир сўз билан айтганда, Худони таниган кишилар ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмайдиган, саҳоватли, меҳрибон инсонлардир.

Ҳурматли дўстлар! Барчангизни улуғ айём – Ийд Рамазон ҳайити билан чин дилдан табриклайман! Хонадонларингизга қут-барака, фаровонлик тилайман!

Эътиборингиз учун раҳмат!

Нарпай тумани ҳокими   Б.Жабборов

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Maked by: SAKTRM