9 МАЙ - ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИК СЎЗИ

9 МАЙ - ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН

ТАБРИК СЎЗИ

 

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Муҳтарам фахрийлар!

Бугун мамлакатимизда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон уруши тугаганлигининг
74 йиллиги кенг нишонланмоқда. Эътиборга молик томони, байрам – муборак Рамазон ойида нишонланмоқда. Биламизки, Рамазон ойи меҳр оқибат, саховат, тинчликни тарғиб қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Ана шу қўшалоқ қутлуғ айём билан сизларни, сизлар орқали туманимиз аҳлини чин қалбимдан муборакбод этаман. Барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.

Маълумки, юртимизда 9 - май Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланиши анъанага айланган.
Мана шу улуғ айём кунида ҳаммамиз энг аввало, уруш майдонларидан қайтмаган юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб, уларнинг руҳ покларига ҳурмат бажо келтирамиз.

Жанг майдонларида мардлик, жасорат кўрсатган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган ва бугун орамизда соғ-омон юрган фахрийларимизга таъзим қиламиз. Ҳозирги тинч-осойишта ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун уларга чексиз миннатдорчилик билдирамиз.

Ҳеч шубҳасиз, бу даҳшатли уруш, бутун инсоният қатори, бизнинг халқимизга ҳам мислсиз кулфат ва йўқотишлар олиб келди. Ўша пайтда туманимизда
6,5 минг аҳоли истиқомат қилган бўлса, улардан
1,5 минг нафари урушга жўнатилган. Шундан кўпчилигига қайтиш, ғалаба нашидасидан баҳраманд бўлиш насиб этмади. Келганларининг орасида майиб-мажруҳ бўлганлари ҳам кўпчилик. Шукурки, бугунги кунда 11 нафар уруш фахрийси орамизда, дориломон кунларни алқаб, мустақиллигимизни мустаҳкамлашда ўзларининг ўгит-насиҳатларини аямай келишмоқда.

Сиз муҳтарам фахрийларимизнинг урушдан кейинги  тикланиш йилларида фидокорона меҳнат қилиб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшганлигингизни халқимиз асло унутмайди. Сизларнинг марду матонатингиз, меҳнатингиз, бугунги ва келгуси авлод учун ҳамиша ибрат намунаси бўлиб қолади.

Қадрли юртдошлар!

Уруш халқимиз иродасини синовдан ўтказди. Ўша йиллари шароит оғир бўлишига қарамай асрлар оша аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган Ватанга муҳаббат, садоқат туйғуларини йўқотмай, одамийлик намунасини кўрсатди. Уйда қолган хотин-қизлар, кексалар ва болалар қишлоқ хўжалигида, завод ва фабрикаларда кечаю кундуз меҳнат қилиб, ўзлари емай, киймай барчасини фронтга жўнатган. Бу ҳам қаҳрамонлик ва жасоратдир.

Муҳтарам Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ эса Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг
74 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчиларига 7,5 миллион сўмдан пул мукофотлари берилди. Шу билан бирга уруш қатнашчиларининг хоҳиш истакларига кўра жанг қилган ўлкаларга, соғликларини тиклаб келишлари учун сиҳатгоҳларга бир нафар кузатувчи ҳамроҳлигида бориш имконияти берилди. Барча сарф-ҳаражатлар давлат маблағлари ҳисобидан таъминланиши ҳам қахрамон оталаримизга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Ҳурматли собиқ жангчилар! Ватанни ҳимоя қилиш, тинчлигини асраш эр йигитнинг муқаддас бурчи. Шунинг учун ҳарбий хизматга боришни ўзига шараф деб ҳисоблайди. Яқин тарихда туманимизнинг 291 нафар ўғлонлари қўшни Афғонистон заминида йигитлик бурчини ўташларига тўғри келган. Бу уруш туфайли ҳам қанчадан қанча оилаларимизда она фарёди оламни қоплади, оталар қадди букилди. Аксарият йигитларимиз ногирон бўлиб қайтди. Уйига соғ-омон келган собиқ жангчилар давлатимиз эътиборидан четда қолган эмас. Сизларнинг мардлигингиз фарзандларингиз, хусусан, барча ёшлар қалбида она Ватанимизга, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини уйғотишига ишонамиз.

Шу ўринда 20-асрнинг яна бир маъшум фожиаси ҳақида гапиришни истардим. Украина давлатидаги Чернобиль атом-электро станциясида юз берган ҳалокат халқларни даҳшатга солган. Ушбу фожиани бартараф этишда минглаб ҳамюртларимиз, шу жумладан, 48 нафар нарпайликлар ҳам иштирок этди. Кўпчилиги соғликларини йўқотдилар. Уларни ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамиша диққат марказимизда бўлиб келмоқда.

Азизлар! Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг ўз тараққиёт йўлини танлади. Бу йўлда қандай улкан, бошқаларнинг ҳавасини тортадиган ютуқ ҳамда марраларга эришган бўлсак, барчасининг ортида улуғ неъмат—тинчлик турибди. Туманимизда амалга оширилаётган, хусусан, “Обод қишлоқ” дастури доирасида бажарилаётган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари, намунавий уй-жойлар, истироҳат боғи, мактаб ва Мтмлар бошқа маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари ҳар қандай кишида ўчмас таассурот уйғотмоқда. Туманимиз марказида нуронийларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун хизмат қилиб килаётган нуронийлар мажмуаси, байрам арафасида вилоятда биринчи бўлиб Мирбозор қўрғонида фаолият бошлаган “Китоб олами” кутубхонаси кекса ва ёш авлод қалбини қувончга тўлдирмоқда. Ишончим комилки, кутубхонадаги дурдона асарларни мутолаа қилган юртдошларимизнинг, айниқса, ўғил-қизларимизнинг  маънавияти, тафаккури юксалиб, қалбида она Ватанга муҳаббат, садоқат туйғулари янада ортади.

Азиз Нарпайликлар!

Барчангизни яна бир бор 9 май - Хотира ва Қадрлаш куни билан қутлаб, Сизларга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга қут-барака тилайман.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат.

 

Туман ҳокими   Б.Жабборов

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Maked by: SAKTRM