9 МАЙ - ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИ муносабати билан мотамсаро она ҳайкалининг очилишига бағишланган табрик сўзи

9 МАЙ - ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИ муносабати билан мотамсаро она ҳайкалининг очилишига бағишланган табрик сўзи

Ассалому алайкум ҳурматли фахрийлар, азиз нарпайликлар! Авваломбор, барчангизни 9 май - Хотира ва Қадрлаш куни билан, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 73 йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Сиз азизларга, Сизлар орқали бутун Нарпай аҳлига ўзимнинг чуқур эҳтиром ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Маълумки, юртимизда 9 - май Хотира ва Қадрлаш куни сифатида кенг нишонлаши анъанага айланиб қолди. Мана шу улуғ айём кунида ҳаммамиз энг аввало, уруш майдонларидан қайтмаган юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб, уларнинг руҳ покларига ҳурмат бажо келтирамиз.

Жанг майдонларида мардлик, жасорат кўрсатган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган ва бугун орамизда соғ-омон юрган фахрийларимизга таъзим қиламиз. Ҳозирги тинч-осойишта ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун уларга чексиз миннатдорчилик билдирамиз.

Ҳеч шубҳасиз, бу даҳшатли  уруш, бутун инсоният қатори,  бизнинг халқимизга ҳам мислсиз кулфат ва йўқотишлар олиб келди. Ўша пайтда туманимизда истиқомат қиладиган аҳолининг бир ярим минг нафари урушга жўнатилган. Шундан кўпчилигига қайтиш, ғалаба нашидасидан баҳраманд бўлиш насиб этмади. Келганларининг орасида майиб-мажруҳ бўлганлари ҳам кўпчилик. Шукурки, бугунги кунда 13 нафар уруш фахрийси орамизда, дориломон кунларни алқаб, мустақиллигимизни мустаҳкамлашда ўзларининг ўгит-насиҳатларини аямай келишмоқда.

Сиз муҳтарам фахрийларимизнинг урушдан кейинги оғир тикланиш йилларида буюк хизмат қилганингизни халқимиз асло унутмайди. Сизларнинг марду матонатингиз, меҳнатингиз,  бугунги ва келгуси авлод учун ҳамиша ибрат намунаси бўлиб қолади.

Азиз дўстлар! Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам халқимизнинг мардлиги, бағрикенглиги таъкидланган. Яъни қарорда “Бутун дунёда миллионлаб инсонлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талофат ва мусибатлар олиб келган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини ҳеч ким унутмайди. Ушбу бешафқат урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлганини халқимиз ҳеч қачон ёдидан чиқармайди. Уруш бошланиши билан фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган, “Сен етим эмассан” деб ўз бағрига олгани халқимизнинг нақадар олижаноблигини, меҳр-мурувватини, юксак маънавиятини яққол намоён этди”, дейилган.

Дарҳақиқат, уруш халқимиз иродасини синовдан ўтказди. Ўша йиллари шароит оғир бўлишига қарамай асрлар оша аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган Ватанга муҳаббат, садоқат туйғуларини йўқотмай, одамийлик намунасини кўрсатди. Уйда қолган хотин-қизлар, кекса ва болалар қишлоқ хўжалигида, завод ва фабрикаларда кечаю кундуз меҳнат қилиб, ўзлари емай, киймай барчасини фронтга жўнатган. Бу ҳам қаҳрамонлик ва  жасоратдир.

Муҳтарам Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ эса Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларига беш миллион сўмдан пул мукофотлари берилди. Шу билан бирга уруш қатнашчиларининг хоҳиш истакларига кўра жанг қилган ўлкаларга, соғликларингизни тиклашларингиз учун сиҳатгоҳларга бир нафар кузатувчи ҳамроҳлигида боришларингизга имконият берилди. Барча сарф-харажатлар давлат маблағлари ҳисобидан таъминланиши ҳам қахрамон оталаримизга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир. 

Ҳурматли собиқ жангчилар! Ватанни ҳимоя қилиш, тинчлигини асраш эр йигитнинг муқаддас бурчи. Шунинг учун ҳарбий хизматга боришни ўзига шараф деб ҳисоблайди. Яқин тарихда туманимизнинг 291 нафар ўғлонлари қўшни Афғонистон заминида йигитлик бурчини ўташларига тўғри келган. Бу уруш туфайли ҳам қанчадан қанча оилаларимизда она фарёди оламни қоплади, оталар қадди букилди. Аксарият бўз йигитларимиз ногирон бўлиб қайтди. Бугунги кунда 21 нафари орамизда йўқ. Уйига соғ-омон келган собиқ жангчилар давлатимиз эътиборидан четда қолган эмас. Сизларнинг мардлигингиз фарзандларингиз, умуман, барча ёшлар қалбида она Ватанимизга, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини уйғотишига ишонамиз.

Шу ўринда йигирманчи асрнинг яна бир маъшум фожиаси ҳақида гапиришни истардим. Украина давлатидаги Чернобиль атом-электро станциясида юз берган ҳалокат халқларни даҳшатга солган. Ушбу фожиани бартараф этишда минглаб ҳамюртларимиз, жумладан, 48 нафар нарпайликлар ҳам иштирок этди. Кўпчилиги соғликларини йўқотдилар. Уларни ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамиша диққат марказимизда бўлаётир.

Азизлар! Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг ўз тараққиёт йўлини танлади. Бу йўлда қандай улкан, бошқаларнинг ҳавасини тортадиган ютуқ ҳамда марраларга эришган бўлсак, барчасининг ортида улуғ неъмат—тинчлик турибди. Туманимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларини олайлик.  Намунавий уй-жойлар, истроҳат боғи, ундаги фаввора, мактаб ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари ҳар қандай кишида ўчмас таассурот уйғотмоқда. Нуронийларимизнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун хизмат қилаётган янги нуронийлар мажмуасининг қурилиб, фойдаланишга топширилганлиги уларни хурсанд қилмоқда.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари! Айниқса, бугунги Мотамсаро она ҳайкалининг қисқа вақт ичида бунёд этилишида Бахтиёр Назаров бошчилик қилаётган “Нурли тонг” ташкилоти ишчи-хизматчиларига, ҳайкалтарош Умрзоқ Шариповга, Самарқанд шаҳридаги СП “ДАКА-ТЕХ” Россия Хорижий кўшма корхонасига, Чақар инвест масъулияти чекланган жамиятига, Нарпай табобати хусусий корхонаси, “Газ ФМЖ” масъулияти чекланган жамияти раҳбариятларига, туман “Ободонлаштириш бошқармаси” ишчи-ходимларига алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Шунингдек, ушбу хайрли ишларни амалга оширишда фаол иштирок этган кўпгина ташкилот, корхона ва муассаса раҳбарларига чексиз ташаккуримни билдираман ва уларнинг келгуси ишларида муваффақият, ўзларига соғлик тилайман. Тинч-осуда турмушимизни кўз қорачиғидек сақлаб, бу мақсадда бирлашсак, ҳамжиҳатликда иш кўрсак, бунданда юқори натижаларга албатта, эришамиз.

Рухсатларингиз билан туманимизда янгидан барпо этилган МОТАМСАРО ОНА ҲАЙКАЛИНИ очсак.

Муҳтарам нарпайликлар, азиз дўстлар! Барчангизни яна бир бор 9 май - Хотира ва Қадрлаш куни билан қутлаб, Сизларга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга қут-барака тилайман.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин! 

Эътиборингиз учун раҳмат.

Нарпай тумани ҳокими Б.Жабборов

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Разработан в: SAKTRM