"Китоб сайли" маънавий-маърифий тадбирида сўзлаган нутқи

Ассалому алайкум муҳтарам китобхонлар, маърифатга интилувчан китобсеварлар! Бугунги “Китоб сайли”га хуш келибсиз!

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинди. Ушбу фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида, республикамиз миқёсида жойларда “Китоб сайли” бўлиб ўтмоқда. Юртбошимизнинг ташаббуси билан жорий этилган бу тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшларни китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишдир.

Шу ўринда миллатимизнинг буюк даҳоси педагог Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир” деган фикри нечоғли ўринлидир. Бугунги кун миллатнинг таълим-тарбияси ва одоб-ахлоқи хусусида мулоҳаза қилинса, юқоридаги хитобнинг ҳақ эканига ишонч ҳосил қилади киши. Буни эса китобсиз тасаввур этиб бўлмайди. “Китоб сайли” тадбирини Ёшлар истироҳат боғида кўтаринки руҳда ташкил қилинганлигимиз ҳам бежизга эмас. Ёшларнинг қанчалик китобга – бадиий адабиётга қизиқиши баланд бўлса, вақти шунчалик мазмунли ўтади.

Мамлакатимизда “Ёш китобхон” танловининг босқичма-босқич ўтказиб келинаётганлиги замирида ҳам биргина ана шу мақсад мужассам.

Шундай китобхонлар борки, ўзига керакли асарни излаб топишга интилади. Буюртма бериб то қўлига китоб етиб келмагунча тиним билмайди. Демакки, бундай инсонлар доимо маърифатга интилиб яшайди.

Аслида туманимизда кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари фаолияти яхши йўлга қўйилган. Лекин бугунги “Китоб сайли”да ҳали кўпчилик ўқишга улгурмаган янги асарлар намойиш этилмоқда. Одамлар ўзларини қизиқтирган мавзудаги қиссалар, ҳикоялар, романлар, шеърий тўпламларни шу ердан топишлари мумкин.

Ҳурматли китобсевар дўстлар! Барчангизга аъло кайфият ҳамроҳ бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!

 

Нарпай тумани ҳокими    Б.Жабборов

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Разработан в: SAKTRM