Иймон-эътиқодли тадбиркор кўпайсин  

         Саҳоватли халқмиз. Ўзгага мурувват кўрсатиш миллатимизга хос фазилат. Бугунги синовли кунларда элнинг фаровон турмуши учун  жон куйдирадиган халқпарвар, сахий инсонлар талайгина.  “Туркистон агро чорваси” фермер хўжалиги раиси Отабек Ортиқов ҳам анашундай саҳоватпеша инсонлар сирасидан.
             Бугун Отабек Ортиқов туманимизда яшовчи кам таъминланган оила вакилларидан 110 нафарига  мурувват кўрсатди. Тадбиркор ўз ҳисобидан одамларга бепул озиқ-овқат, шу каби зарур молларни тарқатди.  Гўшт, гуруч. макарон, мой, шакар, картошка, пиёз, сабзи, кўкатлар ва лимон, хўжалик совуни ҳамда бошқа маҳсулотлардан иборат совғалар маҳаллалар кесимида эгаларига етказилди.    
Эҳтиёжманд оила вакиллари тадбиркорга миннатдорчилик билдирдилар.  Бирининг амалга оширган эзгулиги бошқа бир ишбилармон учун намунадир. Шу сабаб  саҳоватпешалар сони кун сайин ортиб бормоқда. Юртимизда иймон-эътиқодли тадбиркорларнинг борлигига шукр. 
Зоир ота маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи якка тартибдаги тадбиркор Ҳамза Муқимов ҳам 140 килограмм гўшт маҳсулотларини туманимиз аҳлига улашди.
             -Четдан қарасангиз айрим одамлар озиқ-овқат ғамлаш билан банд бўлиб қолди, –дейди Ҳ.Муқимов. – Уйида бир йилга етадиган маҳсулоти бўлсада, арзонроқ нархдаги картошка ёки пиёзни кўрса яна ва яна сотиб олаверишади. Бу очкўзликдан бошқа нарса эмас.  “Эй биродар бугунги синовли кун ортда қолади, албатта. Ўшанда одамларнинг кўзига қандай қарайсан?” дегинг келади. 
Давлатим ошиб-тошиб кетгани йўқ.  Халқимизнинг кам таъминланган қатламига кўмак бериш, ҳам ваҳимачи одамларга ибрат бўлиш мақсадида шу ишга қўл урдим...
                    Тадбиркорнинг фикрлари теран, сўзлари пурмаъно, қилган хайрли иши эса таҳсинга лойиқ.

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM