Депутатнинг сайловчиларга мурожаати

Бир-биримизни асраб-авайлайлик

Азиз ватандошлар!

Ҳаммамиз дунёда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият кундан-кун мураккаблашиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Юртимизда вазият у қадар мураккаб бўлмаса-да, вирус хавфини тўлиқ бартараф этиш учун тўғри ва қатъий чоралар кўрилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз бошчилигида ҳукумат томонидан аҳолини коронавирус пандемиясидан сақлаш, барча соҳаларни зарарлардан ҳимоя қилиш, эҳтиёжманд юртдошларимизни оғир вазиятга тушиб қолишдан асраш мақсадида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганини ҳаммамиз кўриб, ҳис қилиб турибмиз.

Фурсатдан фойдаланиб, касалланганларни ҳаётга қайтариш мақсадида тиним билмай астойдил меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа соҳа вакилларига оиламиз, бутун халқимиз номидан самимий раҳмат айтамиз.

Ҳурматли юртдошлар!

Ушбу мурожаат орқали синовли кунларда сабрли бўлишимиз кераклиги, мураккаб вазиятдан чиқиб кетишга ҳаммамиз масъул эканимизни яна бир эслатмоқчиман.

Маълумки, карантин ҳолати қанча узоқ давом этса, мамлакат иқтисодиёти катта зарар кўради. Хавфли вирус юртимизга ҳар томонлама жиддий таъсир қилиши мумкин. Шундай экан, ҳаммамиз тартибли ва масъулиятли бўлиб, саросимага берилмасдан, карантин қоидаларига риоя қилишимиз зарур. Унутмайлик, бу билан оиламизга, яқинларимизга, бутун халқимизга ёрдам берган, яхшилик қилган бўламиз. Ҳамжиҳатликни сақлаб, бу синовли кунлардан ёруғ юз билан ўтамиз!

Яхши кунларгача бир-биримизни асраб-авайлайлик!

Шербек Бўронов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM