БОЛАЛИК ЭНГ БЕҒУБОР ДАВР 

Азиз болажонлар!
Авваламбор Сизларни "1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни" билан чин дилдан самимий табриклайман. 
Болалик энг беғубор давр. Бу пайтда инсон бахтли дамларни кўпроқ бошидан кечиради. Эртак қаҳрамонларидан ибрат олса, ўйинчоқлардан бир олам қувонч топади. Айниқса, истиқлол фарзандларининг толеи баланд. Улар осуда юртда ота-оналари бағрида улғайишмоқда. Мустақил диёрда беқиёс меҳр ва ғамхўрликдан баҳраманд вояга етаётган болажонлар қувончини кўриш жуда мароқли. 
“Болалигим – подшолигим”, деб бежизга айтишмайди. Улар учун ҳамма нарсани муҳайё этиш
биз – катталарнинг бурчимиздир.
 Ҳар йили бу кунни истироҳат боғида кенг нишонлаб, мусиқа садолари остида юзлаб болажонларга совғалар улашардик. Афсуски, бугун бутун дунёда ҳукм сураётган пандемия сабаб кичкинтойларга байрам табриги йўллаш билан кифояланмоқдамиз. Бироқ, қувончли кунлар ҳали олдинда. Насиб этса катта-катта шодиёналарда улар билан бирга бўламиз.
Мамлакатимизда болалар тарбиясига жиддий эътибор қаратилган. Уларнинг соғлом улғайишлари ҳамда жаҳон андозалари даражасида таълим ва тарбия олишлари Давлат сиёсатининг бош мезонларидан бири ҳисобланади.
Биргина туманимиз миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, 56 та давлат мактабгача таълим муассасасалари, 2 та давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилган мактабгача таълим муассасаси ҳамда 92 тадан ортиқ нодавлат оилавий мактабгача таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда.
Биламизки, китоб инсон тафаккури, маънавиятини юксалтиради. Болаларимизни китоб ўқишга қизиқишини ошириш, дунёқарашни бойитиш мақсадида Мирбозор шаҳарчасида “Китоб олами” кутубхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Китоб фонди беш мингдан ортиқ бўлган бу маънавият ўчоғида китобхонлар учун барча шароитлар яратилган. Китобларнинг аксарияти болалар адабиётидир. Ишончим комилки, китоб билан дўст тутинган фарзандларимиз келажакда ота-онасига, юртимизга содиқ фарзанд бўлиб, она Ватанимизнинг янада гуллаб яшнашига, муносиб ҳисса қўшадилар.
Юртимизда ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътиборга муносиб жавоб сифатида болаларимиз одоб-ахлоқли бўлиб улғайишлари, илм-фан сирларини мукаммал ўрганиб, билим даражасини кун сайин ошириб боришлари лозим.
Мен ҳам беғубор фарзандларимизнинг орзу-ниятлари амалга ошишида ўзимни масъул деб биламан ва қалбимдаги энг эзгу тилакларни уларга билдираман.
Азиз фарзандларимизни яна бир бор бугунги байрам билан чин дилдан табриклайман.

Нарпай тумани ҳокими
Ботир Жабборов

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM