ЎҚУВ ЙИЛИМИЗ ХАЙРЛИ БЎЛСИН!

Маълумки 2020-2021 ўқув йилини бошлаш олдидан ота-оналар орасида сўровномалар ўтказилди. Сўровнома орқали ота-оналар  фарзандларини қайси санадан мактабда анъанавий ёки онлайн тарзда ўқитишга рози эканлиги ўрганилди. Кўпчилик фуқаролар ўғил-қизларини анъанавий ўқитишга розилигини билдиришди, албатта. Айни пайтда мактаблар очилиш арафасида.

Демак, асосий вазифа – фарзандларимизнинг саломатлигини сақлашдан иборат. Бу борада мактабларда анча ишлар амалга оширилган. Ўқувчиларнинг бир эшикдан эмас, балки уч-тўрт эшикдан кириб-чиқишлари, йўлакларнинг алоҳида ажратилиши, антисептик воситалар, қўл ювиш учун совунлар ташкил этилди.

Шу каби кўрилаётган чоралар кўлами кенг. Масалан, ҳар бир ўқувчи ўзи билан ичишга қайнатилган сув олиб юриши, гигиена қоидаларига риоя этишлари лозимлиги таъкидланмоқда. Бироқ, бу ҳақда фақат ўқитувчилар эмас, ота-оналар ҳам кўпроқ бош қотиришлари шарт, деб ўйлайман. Айниқса, бошланғич синф ўқувчисини отаси ёки онаси мактабга олиб келиб, устозига топшириши, дарсдан чиққан маҳал яна уни уйига ўзи билан олиб кетишини йўлга қўйиш муҳим. Чунки ёш болакай ўйинқароқ бўлади. У кўчада тўғри келган киши билан қўл бериб кўришиши мумкин. Мабодо болакай йўлда касаллик юқтириб олса, у вирус ташувчи бўлиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бунинг оқибатини ҳамма яхши билади.

Яна бир гап. Ўғил-қизимизга ҳеч қачон ҳимоя ниқобини ечмасликни уйда, оила даврасида уқтиришимиз лозим. Негаки, бола бошқалардан кўра, ота-онасининг насиҳатига кўпроқ  қулоқ тутади.

Ҳар бир ўқувчи ўз фарзандимиздек азиз. Шундай экан, мутахассислар кўрсатмаларига тўлиқ амал  қилган ҳолда иш юритишимиз лозим. Бошланаётган ўқув йилимиз хайрли бўлсин!

  Хуршида ХОЛИҚОВА,

туман халқ таълими бўлимининг маънавият-ахлоқий тарбия шуъба раҳбари.

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM