“ОЛИЙ МАЪЛУМОТ ОЛИШ ҲЕЧ ҚАЧОН КЕЧ ЭМАС” 46 ёшида талаба бўлган ветеринарнинг мулоҳазлари билан танишинг

Ортиқ акани ҳамма нарпайликлар қўли енгил ветеринар врач деб билади. Бунга у 26 йиллик ҳалол меҳнати, фидоийлиги ва қолаверса, камтарлиги билан эришди, десак, хато бўлмайди. Биласиз, қишлоқ жойларда ҳамма бир – бирини танийди, ҳамманинг уйида мол-ҳоли бор, қорамол, қўй-эчки, паррандалардан тортиб, ит мушукларгача. Деҳқончиликдан кейин одамларнинг рўзғорини бутлайдиган, турмушини фаровон қиладиган бу чорванинг ташвиши, уларнинг саломатлиги учун Ортиқ акадек кишилар ҳар бир ҳудуд учун жуда керакли мутахассислардир. Айни кунда Нарпай туман Ветеринария бўлимида участка мудири лавозимида фаолият кўрсатаётган Ортиқ ака Бердимуродов учун 2020 йил жуда омадли келди, дейиш ҳам мумкин. 

Нега дейсизми?

2020 ўқув йилида Ортиқ Бердиёров Самарқанд Ветеринария медицинаси институтининг сиртқи бўлим талабалари сафига қабул қилинди.

“ – Бу ният менда аввалдан бор эди. 1990 -94 йилларда Самарқанд Ветеринария техникумини тамомлаганман. Ўқишни тамомлагач, ишга шўнғиб кетдим. Ишларим жойида эди, бизни ҳудудда узоқ йиллар мобайнида чорва моллари орасида ҳеч қандай юқумли касалликлар қайд этилмаган.  Ҳар 5 йилда аттестациядан ўтардик. Биласиз, у пайтлар колхозларда катта – катта фермалар бўларди, иш кўлами ҳам шунга яраша. Бош қашишга вақтимиз бўлмасди, лекин ишимдан кўнглим тўқ эди, қачонлардир олий маълумот оламан, дея ҳар доим ўйлаганман. 

Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Фермадаги боқувга олинган 50 тага яқин моллар қутуриш касаллигига чалинган, деган таҳмин қилинди. Бу моллар алоҳида олиниб, овлоқ жойдаги қаровсиз оғилхонада боқилаётган экан. Текширдик, таҳлил - анализлар олдик. Улар ақлдан озганга ўхшар, оғизларидан тинмай сўлак оқарди. Зудлик билан хулоса бериш ва бу ишни якунлаш талаб этиларди. Вазият қалтис эди. Шунда улар сақланаётган жойнинг том қисми эътиборимни тортди. Том ёпишда шиша қириндисидан фойдаланилган экан. Ҳозир ҳам бу усул қиш қаттиқ келадиган баъзи ҳудудларда сақланиб қолган. (Шиша иссиқ сақлайди!) Эски томдан шиша қириндилари қорамоллар устига тўкилган ва чидаб бўлмайдиган қичишиш ва ачишишни келтириб чиқарган. 

Хуллас, ўша моллар сақлаб қолинди ва воқеанинг асл сабаби аниқланди. (Муҳими, моллар қутирмаган экан!)

Ўшанда кўпчилик мендан миннатдор бўлган эди. Ёшлигимда қишлоғимизнинг мол дўхтири Муродилла ака Қурбоновни ҳамма қаттиқ ҳурмат қиларди, у кишига иши тушмаган одамнинг ўзи йўқ эди, теварак атрофда. У кишини устозим, деб биламан, кўп ишни у кишидан ўрганганман. 

Ҳозирда қорамоллар билан боғлиқ барча ишларни ўзим бажаришга тўғри келади, жарроҳлик амалиётларини ҳам.

Яқинда бўлган яна бир воқеа менинг олий маълумот олишга бўлган иштиёқимни янада кучайтирди ва мақсадим қатъиятга айланиб, ҳамма ташвишлар ва гап-сўзларни бир четга қўйиб, институтга ҳужжат топширдим ва узоқ йиллик орзуйим амалга ошди. 

Ҳориждан, аниқроғи, Польшадан катта маблағ эвазига наслли сигирлар келтирилган. Бир мижозим, ўша зотдор сигири туғолмай қийналаётганини ва зудлик билан ёрдам зарурлигини айтди. Биласиз, сигир ўлиб қолса, бу эгасига жуда қимматга тушиши мумкин. Бордик, кўрдик ва сигирни “кесарча” усулида туғдириб олишга қарор қилдик, яъни ўзи туғолмаганлиги сабабли, сигирнинг қорнини кесиб, бузоғини олишга мажбур эдик. Бу ўша пайтда анча шов – шув бўлган воқеа эди. Бузоқча икки бошли - танаси ва бўйни бир, лекин боши иккита экан. Бу ноёб ҳодиса эди, кам бўлсада, баъзида учраб туради. Бузоқча бир – икки кунгина яшади, лекин   сигирни асраб қолдик. 

Бундай воқеалар фаолиятим давомида кўп учраб туради. Ҳар бир воқеа – ҳодисадан киши ўзи учун бир хулоса олади, тажриба ва малакаси, билими ошиб бораверади. Олий маълумот олиш ҳеч қачон кеч эмас, деб ўйлайман. Вақти бугун экан, талаба бўлиш насиб этди! 

5 нафар фарзандим бор. Улар - барча яқинларим, танишларим, мижозларим, оилам менинг бугунги муваффақиятимдан жуда ҳурсанд бўлишди ва қароримни қўллаб қувватлашди. Самарқанд Ветеринария медицинаси институтининг таниқли ветеринария соҳаси олимлари, профессор ўқитувчиларидан таълим олиш имконияти пайдо бўлганидан ва бу имконият менга насиб этганидан ҳурсандман. Ўқиш давомида кўп йиллик тажрибаларим асқотади, деб умид қиламан ва албатта аълочи талабалардан бўламан, деб ўйлайман!”

Касбимиз тақозоси билан жуда кўп таниш-нотаниш одамлар билан, турли касб эгалари ва турли феъл – атвордаги кишилар билан ҳамсуҳбат бўлишга тўғри келади. Баъзиларни тушуниш жуда қийин, баъзилар инжиқ, баъзилар эса...

Ортиқ ака билан узоқ суҳбатлашмадик. 46 ёшида фарзандлари қатори олий ўқув юртига ўқишга киришга муваффақ бўлган бу одамда ҳамма нарса жуда оддий, осон ва  аниқ. 

“Яхши касбнинг этагидан тутиб, одамларга ёрдам бериш ва фарзандларга ўрнак бўлиш!”

Дарвоқе, у киши биринчи саволимга, “болаларимга ўрнак бўлмоқчиман. Уларга мақсаддан чекинмасликни ўргатмоқчиман”, деганди...

Талабалик муборак, янги яхши ташвишлар муборак!

 

Гулчеҳра тайёрлади

 

  Самарқанд Ветеринария Медицинаси  Институти Ахборот хизмати

2015-2020 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM