ҲИНДИСТОНЛИК ШИФОКОРЛАР – НАРПАЙ ТУМАНИДА

Нарпай туманидаги марказий шифохонада Ўзбекистон-Ҳиндистон саломатлик кунлари ўтказилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, туман ҳокимлиги, туман тиббиёт бирлашмаси ва Ҳиндистоннинг “Brook Farm India” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган саломатлик кунларида хорижлик малакали шифокорлар вилоятимизнинг шаҳар ва туманлари ҳамда қўшни Навоий вилоятидан келган беморларни тиббий кўрикдан ўтказиб, зарур маслаҳатлар берди.

– Хориждан малакали шифокорларни чақиришдан мақсад шифо топиш илинжида чет давлатларга йўл олаётган беморларнинг маблағи, вақтини тежаш ва уларга амалий кўмак беришдан иборат, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи Лутфулла Маҳманов. – Хорижлик мутахассислар томонидан икки кун давомида 200 га яқин бемор қабул қилиниб, кўрик жараёнида жарроҳлик амалиёти ўтказишни талаб этадиган беморлар сараланди ва соғломлаштириш чоралари кўрилди. 

Хорижлик мутахассислар билан жарроҳлик операциясида тажриба алмашдик.

– Қизим Паризода 6 ёшда, – дейди тумандаги Манғит маҳалласида яшовчи Д.Жалолова. – У олти ойлик даврида сон суяги бошчасининг туғма чиқиши касаллигига чалинган эди. Туманимизга чет элдан шифокорлар келганини эшитиб, қизимни уларнинг қабулига олиб келдим. Хорижлик травматолог уни тиббий кўрикдан ўтказди ва зарур маслаҳатларни берди.

 

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM