Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни

Ассалому алайкум, ҳурматли қишлоқ хўжалиги ходимлари! 

Мен учун қадрли бўлган деҳқон ва фермерлар! 

Аввало, сиз, азизларни юртимизда кенг нишонланаётган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. 

Бугун миришкор деҳқон ва фермерлар, сувчи ва ирригаторлар, механизатор ва агрономлар тимсолида тумандаги энг шарафли касб эгаларини кўриб турибмиз. 

Бу соҳанинг меҳнати қанчалик машаққатли ва шарафли нони эса қанчалик тотли ва ширин эканини барчамиз яхши биламиз. 

Деҳқон деганда, бепоён далалар, боғу роғлар, дастурхонимиздаги турли ноз-неъматлар, тўй-томошалар, хурсандчилик кунларимиз бутун ҳаётимиз кўз олдимизда намоён бўлади. 

Ҳозирги кунда туманимизда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва келгуси йил учун энг муҳим чора-тадбирларни белгилаб олиш долзарб вазифа ҳисобланади. 

Фермерлик ҳаракатини ривожлантириш натижасида туманимизда кейинги йилларда 437 тадан ортиқ фермер хўжаликлари шаклланиб, улар бугунги кунда 10 дан ортиқ йўналишларда самарали фаолият юритмоқда.

Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз туфайли 10717 гектар майдонда 24 минг 356 тоннадан зиёд пахта ҳосили, 5890 гектар майдонда 361 та фермер хўжаликлари томонидан 18 минг 536 тонна ғалла, 4 минг 995 тонна мева, сабзавот 23 минг 500 тонна, гўшт
109 тонна, пилла 250 тонна, сут маҳсулотлари эса 1 минг112 тонна етиштирилди.

Қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, ер-сув ресурсларидан янада оқилона фойдаланиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш орқали деҳқонларнинг даромадини ошириш борасида олиб бораётган тизимли ишларимиз ҳам аста-секин ўз самарасини бермоқда.

Пиллачиликда туманда пилла хомашёсини қайта ишлаб, тайёр маҳсулот олиш  бўйича "SAMARKAND SILK AO" корхонаси ишга туширилиш арафасида, ушбу корхона томонидан 140 нафар туманимиз аҳаолиси доимий иш билан таъминланади.

Кейинги йилларда  чорвачилик тармоғини ривожлантириш  дастурлари доирасида балиқ, асал етиштириладиган, парранда, эчки, қорамол боқиладиган кўплаб хўжаликлар фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Сизларга яхши маълумки, ҳозирги кунда фермер хўжаликлари, умуман олганда қишлоқ хўжалиги соҳаси давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларга барча зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда.

Сув ресурслари чекланган ҳудудларимизда деҳқончилик қилиш, мўл ва сифатли ҳосил олиш қанчалар оғир ва машаққатли эканини жуда яхши биласизлар. Шунинг учун  2019 йилда сувни тежайдиган  технологияларни жорий этишга қаратилган ислохатлар олиб борилиб кластерлар томонидан 1114 гектар ерда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди.

Ўзбекистонни 2017-2021 йилларда янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида  барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигини ҳам модернизация қилиш борасида энг муҳим вазифаларни аниқ белгилаб, уларни изчил амалга ошириб бораётганимиз соҳадаги улкан муваффақиятларга асос бўлиб хизмат қилмоқда.

2017-2018 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасига оид 5 та қонун,
30 дан ортиқ фармон ва қарор қабул қилинди, 2 та янги қўмита ва
3 та
уюшма ташкил топди.

Туманларда ҳокимларнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий қилинди. Ўзбекистон Фермерлари кенгаши Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида қайта ташкил этилди.

2017 йили қишлоқ хўжалик ходимлар куни муносабати билан Нарпай тумани «Меҳнат-роҳат» фермер хўжалиги бошлиғи Хайдарова Зайнаб «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор» фахрий унвон билан ҳамда кўп йиллар Нарпай тумани қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган Дониёров Дилмурод Амирович «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланганди, 2018 йил эса Нарпай тумани "Нарпайдавсувмахсуспудрат" давлат унитар корхонаси 6-даражали машинист эксковаторчиси Хужаев Холбек Ризаевич “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор”, Нарпай тумани “Абду Ёрқулов” фермер хўжалиги бошлиғи Ярқулова Ўғил Қодировна “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган илғор фермер” фахрий унвон билан ҳамда Нарпай тумани “Пахтакор” фермер хўжалиги бошлиғи Ҳақбердиев Содиқ Сайфиддинович “Шуҳрат” медали билан тақдирланди, азиз дўстлар!

2018 йилнинг ўзида туман ҳокимларнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосариларига шевролет нива, қишлоқ хўжалиги бўлимларига дамас ҳамда Ўзбекистон Фермерлари кенгаши Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига дамас автомашиналари берилди.

Энди ана шундай ўзгаришлар амалий натижа ва самара бериши учун барчамиз бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишимиз керак.

Муҳтарам деҳқон ва фермерлар! 

Барчангизни, сизлар орқали ўз ҳаётини қишлоқ хўжалиги соҳаси билан, айниқса, саховатли заминимиз билан боғлаган фидойи инсонларни, бутун халқимизни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор самимий табриклайман. Жонажон Ватанимиздан ҳеч қачон тинчлик-осойишталик, хонадонларимиздан файзу барака аримасин! 

Оллоҳ таолонинг ўзи барча ишларимизнинг барорини берсин.

Янги йилда ҳамма экинлардан ҳосилимиз янада мўл, хирмонимиз ҳар қачонгидан юксак бўлсин!

Ўзбек замини, ўзбек деҳқони доимо бор бўлсин, омон бўлсин, унга ҳамиша улуғ зафарлар ёр бўлсин!

Яна бир бор барчангизга катта раҳмат. 

Нарпай тумани ҳокими Б.Жабборов

2015-2019 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM