Президент арчаси

Т А Б Р И К   С Ў З И

Ассалому-алайкум азиз дўстлар!

Бугунги “Президент арчаси” тантанасига ташриф буюрган қадрли болажонлар, ҳурматли ота-оналар, муҳтарам меҳмонлар!

Мана шу унутилмас, шукуҳли дамларда барча-барчангизни қутлуғ қадамлар билан юртимизга кириб келаётган янги 2019 йил билан чин қалбимдан табриклаб, самимий тилакларимни изҳор этишга рухсат бергайсизлар.

Янги йилда хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, соғлик-омонлик ва хурсандчилик, тўкин-сочинчилик ёр бўлишини, юртимиз янада обод бўлиб, янада чирой очиб равнақ топишини, барча-барча эзгу ниятларимиз ушалишини тилайман.

Якунига етаётган 2018 йилнинг ҳам бошқа йиллар каби Ватанимиз тараққиётига, иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига, эл-юртимиз ҳаёт даражасининг юксалишига салмоқли ҳисса қўшгани, хосиятли ва баракали бўлганини шукроналик билан таъкидлашимиз зарур.

Замонавий корхоналарни ишга тушириш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатларини янада ривожлантиришга кенг йўл очиб бериш, соғлиқни сақлаш ва таълим-тарбия соҳасини янги босқичга кўтариш, кенг кўламли бунёдкорлик ишларини давом эттириш янги йилда ҳам энг устувор вазифаларимиздан бўлиб қолади.

Барчамизга маълумки, 2018 йил юртимизда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган эди. Ушбу йилда туманимиз кўрсаткичларини таҳлил қилган одам бунга ишонч ҳосил қилади. Барча соҳаларда муваффақиятлар қўлга киритилган, кенг кўламдаги ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Ҳурматли дўстлар!

Бугунги кундаги энг асосий вазифаларимиздан бири - жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук, замонавий билимга, ўз фикр ва қарашларига эга бўлган, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган янги авлодимизни камол топтиришдир. Бу биз кўзлаган обод ва фаровон ҳаёт барпо этишнинг асосий гарови ва ҳал қилувчи шартидир.

Давлатимиз раҳбарининг таклифи билан янги 2019 йил
“Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” дея номланди.

Яқинлашиб келаётган 2019 йилда ҳам ўтган йилдаги ишларимизни изчиллик билан давом эттириб, туманимиз халқининг турмуш-тарзини бунданда яхшилаш учун барчамиз интиламиз.

Қадрли тадбир иштирокчилари!

Юртимизда маънан етук, жисмонан соғлом авлодни камол топтириш, она-бола саломатлигини мустаҳкамлаш, болалар ҳуқуқларини ҳимоялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Уларни ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етишлари учун барча шароитлар яратилиб берилмоқда. Бугун кўтаринки руҳда нишонланаётган Президент арчасида жажжи болажонларимизга иззат-ҳурмат кўрсатилиб, Юртбошимизнинг совғалари берилиши замирида ҳам ана шу ислоҳот мужассам. Фарзандларимизга янада меҳр бериб, ғамхўрлик кўрсатсак, улар қалбида она Ватанимизга нисбатан муҳаббат туйғулари мустаҳкамланаверади.

Азиз болажонлар!

Юртбошимизнинг Сиз ёшларга кўрсатаётган оталарча ғамхўрликлари ва эътиборига муносиб жавоб сифатида Сиз ёшлар илм-фан сирларини мукаммал ўрганиб, ўз билим даражангизни кун сайин ошириб боришингиз лозим.

Мен туманимиз ёшларига бўлган ишончимни ифода этиб, уларнинг орзу-ниятлари амалга ошишида ўзимни масъул деб биламан ва қалбимдаги энг эзгу тилакларни билдираман.

Ҳурматли дўстлар!

Сизларни ва азиз фарзандларимизни кириб келаётган Янги йил билан яна бир бор табриклайман!

Барчангизнинг ишларингизда ва ўқишларингизда янги-янги зафар чўққиларига эришишингизни, пок ният ва тилакларингиз ҳамиша ижобат бўлишини чин дилдан тилайман.

Янги йилимиз юртимизга, барча-барча оилаларга бахту-саодат ва омад келтирсин!

Янги йил барчамизга муборак бўлсин.

Нарпай тумани ҳокими Б.Жабборов

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM