Мактабгача таълим муассасалари ходимларининг анъанавий август конференцияси

Ассалому алайкум Август Конференцияси қатнашчилари!

Мактабгача таълими муассасаси ходимларининг анъанавий Август Кенгаши мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма етти йиллиги тантаналари арафасида "Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!" шиори остида ўтмоқда. Мактабгача таълим баркамол авлод таълим тарбиясида муҳим ўрин тутади.

Анъанавий Август Конференцияси ўтган ўқув йили якунларини чуқур ва атрофлича таҳлил этиб, эришилган ютуқларни яна бир бор сарҳисоб қилиб, йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларнинг сабабларини аниқлаб олиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2016 йил 29 декабрдаги «2017 – 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида таъкидлаб ўтилганидек болаларни мактабга сифатли тайёрлашни тубдан яхшилаш, муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ жойларида янги мактабгача таълим муассасаларини бунёд этиш, тарбиячи ва тарбияланувчиларга қулай ҳамда замонавий шарт-шароитлар яратиш олдимизда турган долзарб вазифалардан биридир.

Бугунги кунда туманимиздаги 3-7 ёшли болалар сони 16853 нафар бўлиб, 3850 нафари қуввати 4635 ўринли 53 та мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган. Шулардан 10 та мактабгача таълим муассасаларида 2 тадан қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилган бўлиб улардан 400 нафар тарбияланувчилар таълим тарбия олиб келмоқда.

 Туман мактабгача таълим муассасаларида жами 412 нафар педагог кадрлар, шундан 50 нафар олий маълумотли ва 362 нафар ўрта-махсус маълумотли кадрларни ташкил қилади.

2018 йилда 1, 13, 65-мактабгача таълим муассасалари манзилли давлат дастури асосида қайта қурилмоқда. Нарпай туман мактабгача таълим бўлими 2018 йил смета харажатларига мактабгача таълим муассасалари гуруҳларида тарбияланувчиларни тўлиқ юмшоқ жиҳозлар билан таъминлаш учун 172 млн 277 минг сўм, тарбияланувчиларга тез тиббий ёрдам кўрсатишни сифатли ташкил қилиш мақсадида дори-дармон ва тиббиёт воситалари учун 13 млн 800 минг сўм, тарбияланувчиларнинг овқатланиш идишларини ювиш ва кир ювиш воситалари учун 13 млн 736 минг сўм, мактабгача таълим муассасаларини музлатгичлар билан таъминлаш учун 65 млн 500 минг сўм, тарбияланувчилар сонига ва эҳтиёжларга кўра диван ва стол стуллар олиш учун 223 млн 600 минг сўм, мактабгача таълим муассасаларининг ошхоналарини ҳамда гуруҳ хоналарини видеокузатув мосламалари билан жиҳозлаш учун 140 млн.сўм, таълим муассасаларидаги қозонхоналарни локал қозонларга алмаштириш, мослаштириш ва ички иситиш тизимларини таъмирлаш учун 260 млн.сўм, таълим муассасаларидаги коммунал ҳисоблагичларни инвентаризациядан ўтказиб, замоновий ўлчагичларга алмаштириш учун 5 млн.сўм, таълим муассасаларидаги хожатхоналар ва том қисмини таъмирлаш учун 514 млн 700 минг.сўм, таълим муассасаларида компьютер жиҳозларини сотиб олиш учун 8 млн.сўм, жами бўлиб 787 млн 700 минг сўм маблағлар ажратилиши режалаштирилди.

Давлат мактабгача таълим муассасаларининг ошхоналарига видеокузатув камералари билан жиҳозлаш ва улар овқат тайёрлаш жараёнининг янги босқичларини кузатиб бориш имконини берадиган видеокузатув камералари тумандаги 3, 6, 7, 10, 11, 15, 16, 17, 19, 22, 29, 42, 58, 64 - сонли мактабгача таълим муассасаларига ўрнатилди.

Келгусида мактабгача таълим тизимида Жанубий Корея тажрибасини оммалаштириш ва онлайн семинарлар, онлайн машғулотлар, масофадан туриб малака оширишлар ташкил этиш мақсадида вилоят ҳокимининг ташаббуси билан тумандаги 10-мактабгача таълим муассасасида 41 млн. сўмлик маблағ эвазига видеоконференция зали ташкил этилиб, улар учун зарур оптик толали интернет тармоғи ҳамда техник воситалари билан таъминланди.

Инвестиция дастури асосида қурилаётган мактабгача таълим муассасалари қуйидагиларни ташкил қилади. Булар: 1-мактабгача таълим муассасасининг қурилиш ишлари «Толиб Кармана» МЧЖ қурилиш корхонаси томонидан қуввати 120 ўринга мўлжалланган.
13-мактабгача таълим муассасасининг қурилиш ишлари «Сув иншоот қурилиш» МЧЖ қурилиш корхонаси томонидан қуввати 100 ўринга мўлжалланган. 65-мактабгача таълим муассасасининг қурилиш ишлари «Матлуба-Умида» МЧЖ қурилиш корхонаси томонидан 70 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда ушбу муассасаларнинг барчасида қурилиш ишлари давом этмоқда.

«Обод- қишлоқ» дастури доирасида “Соҳибкор” маҳалласи Сохибкор қишлоғида 75 ўринга мўлжалланган, “Янгиариқ” маҳалласи Бустон қишлоғида 70 ўринга мўлжалланган янги мактабгача таълим муассасалари барпо этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора - тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3651-сонли қарори асосида туманимизда 40 нафар тадбиркорлар давлат хусусий шерикчилик асосида нодавлат мактабгача таълим муассасаларини қуриш, 58 нафар тадбиркорлар оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш истагини билдирган.

Бугунги кунда буларнинг 7 тасида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. 2017-2018 ўқув йилида мактабгача таълим муассасаси соҳасида ўз лавозимига масъулиятсизлик билан ёндошган 13 та мактабгача таълим муассасаси фаолияти танқидий ўрганилиб шундан 11 таси ишлаб турган вазифасидан озод этилди, 2 тасига интизомий чора кўрилди. Бугунги тадбирда қанчалик оғир бўлмасин айтиб ўтмоқчиман чунки биз бугун ўтган ўқув йилида таълим-тарбия соҳасида эришган ютуқ ва камчиликларимизни сарҳисоб қилар эканмиз, йўл қўйилган камчиликларни янги ўқув йилида такрорламаслик учун ҳамфикр, ҳамжиҳатликда иш олиб боришимиз лозим. Йўл қўйилган камчиликлардан эса тегишли хулоса чиқарсак мақсадга мувофиқ бўлади.

 Бу борада фахрий устозларимиз, жамоатчилик вакилларининг маслаҳатига таянсак, албатта, кўзланган мақсадга эришамиз. Зеро, Юртбошимиз ёш авлодни комил инсон бўлиб вояга етишишида Сиз – мактабгача таълим муассасалари ходимларига катта ишонч билдирмоқда.

Ҳурматли Август Конференцияси қатнашчилари! Сизлар орқали туманимизнинг барча мактабгача таълим муассасалари ходимларини ва раҳбарларини, ушбу анжуман қатнашчиларини яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик байрамининг 27 йиллиги ҳамда бошланаётган янги 2018-2019 ўқув йили билан яна бир бор табриклайман. Ёш авлодга таълим-тарбия беришдек шарафли, шу билан бирга машаққатли ишларингизга омадлар тилайман.

Эътиборларингиз учун раҳмат

Нарпай тумани ҳокими Б.Жабборов

2015-2019 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM