Давлат ва жамоат арбоби Бектош Раҳимов таваллудининг 95 йиллигига бағишланган табрик сўзи

Ассалому-алайкум мухтарам меҳмонлар, азиз дўстлар!

Нарпай тумани нафақат ўз ҳудудида балки Республика манфаати йўлида меҳнат қилиб унинг тараққиётига ҳисса қўшган таниқли инсонларни вояга етаказган заминдир. Давлат ва жамоат арбоби, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси, Бектош Раҳимов улардан биридир. Бектош Раҳимов 1924 йил 23 февралда Нарпай тумани Ноғорохона маҳалласи Янгиариқ қишлоғида туғилган. У кишининг номини нафақат Самарқандликлар балки, Хоразм ҳамда Андижонликлар, қолаверса, юртимиз аҳли чексиз ҳурмат билан тилга олиб, ёд этишади.

Бектош Раҳимов Нарпай ва Каттақўрғон туманлари, Хоразм, Андижон ва Самарқанд вилоятларининг биринчи раҳбари ҳамда Республика фахрийлар уюшмаси Кенгашига раҳбар бўлиб эл орасида катта обрў топган. Шунинг учун Бектош Раҳимов Меҳнат Қаҳрамони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи, кўплаб орден ва медаллар соҳиби бўлган.

Бектош Раҳимов уруш кўрган, жанг майдонида жасорат, қаҳрамонлик кўрсатиб, ғалаба билан она юртига қайтган инсон эди. Урушдан сўнг турли соҳаларда масъул лавозимларда, вазифаларда фаолият олиб борган.

1961 йилдан бошлаб раҳбарлик фаолиятини катта ташкилотчилик,  меҳнатсеварлик ва талабчанлик билан бошлади. Нарпай ва Каттақўрғон туманларининг район партия қўмитасига раҳбарлик қилди. 1962 йил Бектош Раҳимов Хоразм вилояти раҳбари этиб тайинланди.  Лавозимига келган заҳотиёқ у халқига хизмат қилиш, унинг ҳаёт тарзини яхшилашда ҳаракат қилди ва у кишининг ҳаракатлари билан аста-секин халқ хўжалигида вазият ижобий томонга ўзгарди. Ойлик иш ҳақлари, пенсия ўз вақтида тўланиб, мактаб ва боғчалар фаолияти яхшиланди. Шаҳарда канализация ўтказилди, телевидение ишлади, аэропорт қурилди ва Урганчга самолётлар қатнай бошлади, шаҳар аҳолиси сув ва табиий газ билан таъминланди. Лекин У инсон ўзгармасди: инсонпарварлик ҳамда одамларни эшита олиш хусусиятига эга эди.

5 йил Хоразмдаги фаолиятидан сўнг Андижон вилоятида фаолиятини давом эттирди. У кишининг Андижондаги биринчи қилган иши вилоят маркази ва Шаҳрихон ўртасида трасса ўтказиш бўлди. Шу тариқа вилоят катта қурилиш майдонига айланди, кўп қаватли уйлар, "Боғишамол" дам олиш хиёбони барпо этилди. Чўл жойларда "Андижон", "Дўстлик" номли совхозлар яратилди, 1973 йилда эса янги "Улуғнор" райони очилди. 1970 йили шаҳар марказидан биринчи троллейбус юриб ўтди, адабиёт музейи ишини бошлади.

Бектош Раҳимов ишлаган учинчи вилоят Самарқанд вилоятидир. Вилоятнинг биринчи раҳбари пахта ишлаб чиқаришга, боғдорчилик, полизчилик, сабзавотчилик, чорвачилик  ва қоракўлчиликка катта эътибор қаратди. Энг муҳими, Бектош Раҳимовнинг ташаббуси билан вилоятда янги соҳалар, янги хўжаликлар ва Нуробод тумани ташкил этилди, Самарқанд шаҳридаги Кимёгарлар қўрғони, Саттепо, Микрорайон массивлари барпо этилди ҳамда мактаблар, маданият уйлари, боғчалар, маиший ва савдо дўконлари, йўллар қурилди. Тумандаги 17-умумтаълим мактаби, Табиат саҳовати, Юбелейное магазини, Мирбозор ресторани, қолаверса йирик саноат корхоналаридан  “Оқтошдон” акционерлик жамияти, 10-Қишлоқ қурилиш комбинатлари барпо этилишига ва  йўллар қурилишига бош-қош бўлган.

У киши Республика фахрийлар уюшмаси Кенгашига раҳбарлик қилган йиллари ҳам ҳақчилликка таяниб яшади. Айниқса, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган жангчилар хотирасига бағишланган “Хотира” китобини нашрдан чиқишига ташкилотчилик қилган. Бу китобнинг қадри баландлиги шундаки, унда Ватан озодлиги, тинчлиги учун душманга қарши жанг қилиб ҳалок бўлган ота-боболаримизни номлари боқийлаштирилган.

Бектош Раҳимов сермазмун умр кечирди. Ҳаёти, фаолияти давомида фақат элу юрт манфаатларини кўзлади. Инсондаги буюк фазилат ватанпарварлик,  ўз халқи учун ёниб яшаш каби хислатларга ҳамиша содиқ қолган. У кишининг номи бизнинг ва келажак авлодларимизнинг қалбларида мангу қолади.

Эътиборларингиз учун раҳмат.

Нарпай тумани ҳокими    Б.Жабборов

2015-2019 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM