“Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” шиори остида ўтказилаётган тадбирда сўзлаган нутқи

Ассалому-алайкум ҳурматли тадбир иштирокчилари ҳамда муҳтарам меҳмонлар!

Биз биламизки азал-азалдан ҳарбийлик касби машаққатли, шу билан бирга шарафли касб сифатида саналиб келган. Машаққати шундаки, ватанимизнинг тинчлиги ва осойишталиги учун барча масъулият ҳарбийларимиз зиммасига тушади. Улар кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, қаҳратон совуққа ҳам, жазирама иссиққа ҳам бардош бериб ватанимиз тинчлиги, унинг сарҳадларини қўриқлаб келмоқдалар.

Мард ўғлонларимиз, ана шундай оғир ва шарафли вазифани виждонан бажармоқдалар.

2018 йил 13 декабр куни Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг ПФ-5413-сонли “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини муносиб кутиб олиш ва уни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди. Ушбу фармойиш асосида туманимизда миллий армиядан фахрланиш ва унга бўлган ишонч ҳиссини ошириш, ёшларнинг ватанпарварлик руҳида тарбиялашни таъминлаш мақсадида бир қанча тадбирлар ўтказилди.

Хусусан, умумтаълим мактаблари ҳамда касб-унар коллежларида ўқувчилар онгида Ватанга муҳаббат, Қуролли Кучлардан фахрланиш, ҳарбийлик касбига ҳурмат туйғуларини юксалтириш мақсадида фахрий ҳарбийлар ҳамда уларнинг оила аъзолари билан биргаликда “Ватан муқаддас уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

Ҳурматли тадбир қатнашчилари!

Ўзбекистон Қуролли Кучларининг таянчи ва суянчи бўлган замонавий ҳарбий хизматчилар тимсолида биз авваламбор чуқур билим ва интеллектуал салоҳиятга, ўз муқаддас ҳарбий бурчини бажариш йўлида қатъий ирода ва мустаҳкам тайёргарликка эга бўлган, она юртимизга садоқатли, мард ва фидойи инсонларни кўрамиз ҳамда  улар билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Айнан мард, жасур ҳарбийларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон миллий армияси жадал ривожланмоқда, унинг жанговар қобилияти ва тайёргарлиги изчил ошиб бормоқда, мамлакатимизнинг мудофаа қудрати мустаҳкамланмоқда, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти таъминланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда Ватанимизни ҳимоя қилиш, унинг тинчлигини сақлаш фақат ҳарбийларимизнинг бурчи эмас, балки ўзини Ўзбекистон фарзандиман деб билган сиз ёшларнинг ҳам муқаддас бурчингиз ҳисобланади. Тинчликни қадрлаш, улуғлаш эса барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Шундай экан ана шу улуғ неъматни кўз қорчиғимиздек асрайлик!

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Фурсатдан фойдаланиб, яқинлашиб келаётган 2019 йил Янги йил байрами ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни байрами билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

Эътиборларингиз учун рахмат!

 

Нарпай тумани ҳокими    Б.Жабборов

2015-2019 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM