Шоира Яхшигул Ҳидированинг  “Киприкдаги инжу” номли китоб тақдимотида сўзлаган нутқи

       Ассалому алайкум ҳурматли ижод аҳли, қалам соҳиблари, азиз меҳмонлар ва  тадбир иштирокчилари!

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш, ўзбек  адабиётини ривожлантириш, айниқса, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани барчамизнинг қалбларимизни қувончга тўлдирган.

Туманимизда бошқа соҳалар қатори адабиёт, санъат, маданиятни юксалтириш ҳамиша диққат марказимиздадир. Мирбозор шаҳарчасида қурилаётган янги кутубхона тез кунларда иш бошлайди.

Азалдан бахши-шоирлар ватани ҳисобланган туманимизда ижод қилган, улуғ оқин Ислом Шоир Назар ўғлини, шунингдек, фарзанди Ўзбекистон халқ бахшиси Зиёдулла Исломовларни мамлакатимиз аҳли яхши танийди. Бу икки улуғ ижодкор бахшичилик мактабининг моҳир муаллимлари бўлишган. Улар яратган достонлар, термалар ҳозирда ҳам миллий бахшичилик санъатини безагидир. Устознинг шогирдлари Қилич бахши Шукуров, Саъдулла бахши Қосимовлар ҳам уларнинг изидан бориб, эл назарига тушишган.

Ҳурматли тадбир қатнашчилари! Нарпай замини  ўзининг ижодлари билан элда ҳурмат топган, истеъдодли шоиру ёзувчилар юрти ҳамдир. Яқинда Жаҳон матбуот эркинлиги кунида ўтказилган ижодкорларнинг нуфузли кўрик-танлови “Олтин қалам” танлови ғолибаси Зулфия Мўминова, Ўктам Мирзаёр, Ойгул Убайдулла қизи, Жамила Эрдонова, Роҳила Сидиқова, Ҳасан Исоқов ҳамда марҳум ёзувчи Мансур Аловуддиновлар шулар жумласидан.

Бу қаламкашлар Республикамизни турли гўшаларида яшаб ижод қилаётган бўлсада, ўз туманимиз мадҳини куйлаб келаётган, ўз касбининг ҳақиқий устаси ва фидойиси бўлган, ўзининг ҳаққоний сўзи, шеърлари билан одамларни эзгу мақсадларга чорлай оладиган, эл-юрт манфаати, халқимизнинг бугунги ва эртанги куни учун ёниб яшаётган яна бир ижодкор бу - шоира Яхшигул Хидировадир.

Шоиранинг “Хаёлот осмони”, “Садоқат мабудаси”, “Муқаддас Ватан” ва яқинда чоп этилган “Киприкдаги инжу” номли китоби мухлислар томонидан қизғин қарши олинди.

Мазкур шеърий тўпламда келтирилган “Бахт”, “Ифтихор”, “Муқаддас ватан”, “Ўзбек аёли” сингари шеърларида юрт муқаддаслиги, меҳнатсевар, оилапарвар аёлларимизнинг фидоийлиги, тинч-осуда турмушимиз тараннум этилган.    

Шоиранинг қалами “Пахтакор овози” газетаси қошида фаолият олиб бораётган “Умид ғунчалари” тўгарагида чархланган.  Унинг шеърлари вилоят, республика нашрларида ҳам чоп этилган. Қувонарлиси, ижодкорнинг “Ягонасан Ватан” Республика миқиёсида ўтказилаётган мусиқий кўрик-танловларда шеърлари қўшиқ қилиб куйланмоқда.

Яна шуни фахр билан айтишим мумкинки, туманимизда китобхонликка эътибор қаратилаётганлиги сабабли Республика миқиёсида ўтказилган  “Ёш китобхон” кўрик танловининг мутлоқ ғолибаси ҳамда муҳтарам  юртбошимизнинг “Спарк” автомашинасига сазовор бўлган қизимиз 17-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Шомуродова Мохинисонинг ютуғи, адабиётга, маънавиятга эътибор билан қаралаётганининг исботидир.

Ҳурматли тадбир қатнашчилари! Ишонамизки шоирамиз Яхшигул Хидировадан бунданда серқирра ижодни, халқимизнинг юрагига яқин, кўнглига эзгулик улашувчи, қалбларни жунбушга келтирувчи шеър ва асарлар кутиб қоламиз.

Эътиборларингиз учун раҳмат!

 

Нарпай тумани ҳокими   Б.Жабборов

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM