Хуш келибсан Наврўзи олам!

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Қадрли тантана иштирокчилари!

Шу кунларда янгиланиш, яшариш ва гўзаллик байрами дея ном олган, ҳар биримизнинг кўнглимизга баҳорий илиқлик ҳамда гўзалликни олиб кираётган севимли байрамимиз – Наврўз туфайли она-табиат янада чирой очмоқда.

Халқимиз азал-азалдан Наврўзни “Йилбоши” деб бежиз атамаган. Сабаби айнан шу байрам кириши билан дала-даштлар янги қиёфага киради, гўёки кўкламнинг майин шабадаси ҳар биримизнинг кўнглимизга ҳузур бағишлаши билан бирга бутун борлиқни уйғотиб, ғайрат-шижоат бахш этаётгандек бўлади.

Халқимиз асрлар давомида одамларни маънан бирлаштирувчи, улар қалбида эзгу фазилатларни янада мустаҳкамловчи, инсонийлик, меҳр-мурувват ғояларини ўзида мужаcсам этган Наврўзни қут-барака ва тўкинчилик байрами сифатида нишонлаб келмоқда.

Собиқ иттифоқ даврида 3 минг йиллик тарихга эга бўлган Наврўзимиз кўплаб камситишлар, таъқиқ ва таҳқирларни бошидан кечирди.

Мустақиллик йилларида минг йиллик тарихга эга бўлган қадриятлар янгитдан қад ростлади.

2010 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 64-сессиясида 21 март “Халқаро Наврўз куни” деб эълон қилинди. Шу тариқа Наврўз бир миллат ёки маданиятнинг байрами сифатида эмас, балки бутун инсоният меросининг бир қисми сифатида нишонланиб келинмоқда.

Қадрли байрам иштирокчилари!

Наврўзда кун билан тун тенглашиб, деҳқончилик, зироатчилик, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига киришилади.
Маҳалла-кўй, қўни-қўшни бирлашиб, кўчалар, хиёбонлар тартибга келтирилади, беморлар, кўмакка муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олинади.

Ана шундай тароватли кунларда мамлакатимизда, жумладан, туманимизда амалга оширилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишлари кўлами кенгайиб, қишлоқларимиз мутлақо янги қиёфа касб этиб бораётганини алоҳида шукроналик ва ифтихор билан қайд этиш лозим.

Туманимизда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш мақсадида ўтган 2018 йилда бир қанча ишлар амалга оширилди

Жумладан:

Саноат ва қишлоқ хўжалик соҳасида 2 млн 392 минг долларлик маҳсулотлар чет элларга экспорт қилинди. Натижада олинаётган даромадлар аҳолининг турмушини, шаҳар ва қишлоқларимизнинг инфратузилмасини яхшилашга йўналтирилмоқда.

Аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш мақсадида 288 нафар ногиронлиги бор фуқароларга аравача, қўлтиқтаёқ, эшитиш мосламалари ҳамда ҳасса-таёқлар олиб берилди. Кўчаларимизнинг 16 кмга асфальт ётқизилиб таъмирланди, 110 та намунавий арзон уй-жойлар қурилиб ўз эгаларига топширилди.

Шунингдек, мамнуният билан тилга олишни истардимки, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” давлат дастурлари асосида туманимизнинг чекка қишлоқлари – “Бўстон” ҳамда “Соҳибкор” қишлоқларида кенг кўламдаги бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, “Бўстон” қишлоғида 70 ўринли ва “Соҳибкор” қишлоғида 75 ўринли мактабгача таълим муассасалари янгитдан қурилиб фойдаланишга топширилди. Умумтаълим мактаблари тўлиқ таъмирланди. Жорий йилда эса дастур доирасида яна 3 та обод қишлоқ, 14 та обод маҳаллаларда ана шу каби хайрли ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга давлат хусусий-шерикчилик асосида “Саловат” маҳалласи ҳудудида “Болажон” номли жами қиймати 1 млрд 300 млн сўмлик 50 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасаси биноси қад ростлаб ишга туширилди. Шу билан бирга ташаббускор тадбиркорлар томонидан 25 та оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилди. Булар ким учун, нима учун қилинмоқда? Албатта, одамларнинг розилиги, турмуш шароитини яхшилашга қаратилгандир.

Шунингдек, жорий йилда 22 та давлат хусусий-шерикчилик асосида ҳамда 35 та оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари ишга туширилиши режалаштирилган.

Жорий йилда ҳам ўтган йилдаги ишларимизнинг давоми сифатида 110 та намунавий арзон уй-жойлар қурилиши, давлат аҳамиятига молик йўллар, “Обод қишлоқ” дастурига киритилган маҳаллалардаги йўллар ҳамда ички хўжалик йўлларидан жами 116.6 км жорий таъмирланиши, 46.1 км ичимлик суви тармоғи тортилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу ишлар ҳозирги кунда бошлаб юборилган.

Саноат соҳасини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида “Нарпай Ифтихор саноати” МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 130,0 млн. АҚШ доллари, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1,2 млн. тоннага тенг цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси бошлаб юборилди.

Шунингдек, таълим соҳасида 9, 32-умумтаълим мактабларини ҳамда 3, 55-мактабгача таълим муассасаларини реконструкция қилиш ва 27-умумтаълим мактабини мукаммал таъмирлаш режлаштирилган бўлиб, ушбу қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

2018 йилда спортчиларимиз республика миқёсидаги турли чемпионат ва мусобақаларда муваффақиятли қатнашиб, жами 42 та медал, шундан республика мусобақаларида 13 та олтин, 17 та кумуш, 12 та бронза медалларига сазовор бўлишди.

Энг аҳамиятлиси 2018 йил 10 ноябр куни Қозоғистон давлатининг Актау шаҳрида “Kaратэ” спорт тури бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Тошниёзов Мухаммадхон Олимжон ўғли иштирок этиб, мусобақанинг кумуш медалини қўлга киритгани биз учун қувонарли ҳолатдир.

Тумандаги “Сарбозор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан туман тарихий музейи ва кутубхона биноларини қуриш учун ер ажратилиб жами қиймати 492 млн сўмни ташкил қилувчи “Ёшлар кутубхонаси” биносининг қурилиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Азиз тантана қатнашчилари! Туманда аҳолини, айниқса, хотин-қизларни, ёшлар бандлигини таъминлаш йўлида тизимли режаларни ишлаб чиқмоқдамиз. Туманни 2019-2020 йилларда ривожлантиришга мўлжалланган истиқболдаги режаларига кўра 99 та лойиҳани амалга ошириш, бунинг натижасида 910 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган, бу эса оилаларнинг моддий таъминоти яхшиланишига олиб келади. Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёшлар - келажагимиз” Давлат дастурига мувофиқ ёшларга имтиёзли кредитлар берилиши кўзда тутилган бўлиб, уларнинг мурожаатлари ўрганиб чиқилиб, 43 та лойиҳанинг манзилли рўйхати тасдиқланди ҳамда 10 млрд 3 млн сўмлик лойиҳалар молиялаштирилиши режалаштирилган. Шунингдек,  “Ҳар бир оила-тадбиркор дастурини амалга ошишриш тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йилда 23 млрд сўм маблағ ажратилган.

Азиз юртдошлар!

Зиммасига эл дастурхонини тўкин қилишдек эзгу мақсадни туккан, табиат инжиқликларига қарамасдан юксак хирмонларни бунёд этишга бел боғлаган миришкор-деҳқонларимиз аллақачон далага чиқиб, ишга киришдилар.

Жумладан, 6000 гектар майдонда ғалла парваришланаётган бўлса, Кластер усулида пахта етиштириш бўйича “Мароқанд-Сифат” МЧЖ томонидан 10717 гектар майдонда пахта етиштириш йўлга қўйилди. Шундан жорий йилда 1300 гектар пахта майдони янги технология асосида “томчилатиб суғориш” усули жорий қилинди.

Шу ўринда пок ниятли дала заҳматкашларининг ишларига унум, хирмонларига барака тилаймиз.

Қадрли Нарпайликлар ва туманимиз меҳмонлари!

Азал-азалдан эъзозда бўлган байрам, туманимизнинг барча маҳаллаларида кенг нишонланиб, сумалак, ҳалиса каби миллий таомлар пиширилиб, элга ош улашилди.

Дастурхон атрофида ёруғ ниятлар қилиниб, тинч замонамизга шукроналик келтирилди.

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз – тадбир иштирокчиларини, Сиз орқали бутун туманимиз халқини Наврўз байрами билан самимий муборакбод этаман.

Бугунги кўтаринки кайфият, байрамона руҳ барчангизга йил давомида ҳамроҳ бўлсин.

Тинч, осойишта, тўкин-сочин замонимизга, мусаффо осмонимизга кўз тегмасин. Қилинган эзгу тилаклар ижобат бўлсин.

Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

 

Эътиборларингиз учун раҳмат

 

Нарпай тумани ҳокими  Б.Жабборов

2015-2019 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM