Янги Ўзбекистон - янги сайловлар

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим қилган Мурожаатномасида: «Келгуси йили мамлакатимизда Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларга навбатдаги сайлов ўтказилади. Юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу сиёсий жараённи миллий қонунчилигимиз ва халқаро стандартлар асосида юқори савияда ўтказиш учун ҳар томонлама тайёргарлик ишларини бошлашимиз зарур», деб таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, жорий йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловлари миллий қонунчилигимиз ва халқаро сайлов стандартлари асосида юқори савияда ўтказилади. Бунга 2019 йил 25 июнь куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Қувонарлиси, мазкур кодекс халқаро сайлов стандартлари имплементация қилинганлиги билан халқаро ҳамжамиятда энг демократик сайлов ҳужжатларидан бири сифатида эътироф этилаётгани ҳар биримизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Янги Сайлов кодексига биноан, ўтажак сайловларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчиларнинг иштирок этишига рухсат берилиши маҳаллага бўлган эътиборнинг янада кучайтирилаётганидан далолат. Ушбу қуйи бошқарув органлари вакилларининг Парламент қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этиши сайловларни очиқ ва ошкора, демократик принципларга мос ўтишида муҳим аҳамиятга эга.

Марказий сайлов комиссияси қарори билан сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисида Низом қабул қилинди. Низомда кузатувчиларнинг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби белгиланган.

Маҳалладан кимлар кузатувчи бўлиши мумкин?

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг ўринбосари, маслаҳатчиси, шунингдек, фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахслари кузатувчи бўлиши мумкин. Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган Низомга асосан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари округ сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилади. Аризага кузатувчиларнинг рўйхати (исм-фамилияси, лавозими, яшаш манзили ва телефон рақами кўрсатилган ҳолда), уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхалари, 3х4 см. ўлчамдаги икки дона фотосурат илова қилинади.

Округ сайлов комиссияси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг аризасини олгандан кейин беш кун ичида қарор қабул қилади ва кузатувчи учун мандат беради. Мандат намунаси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 29 июлдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланади. Мандатда сиёсий партияни бошқа сиёсий партиядан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан фарқлаш учун алоҳида белгилар (мандат ранги ёки бошқа) акс эттирилиши мумкин.

Кимларга мандат берилмайди?

Агарда кузатувчиликка номзод 18 ёшга тўлмаган ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлса, сайловга ўн беш кундан кам муддат қолганда мурожаат қилса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг мансабдор шахси бўлмаса ва белгиланган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаса кузатувчига мандат бериш рад этилади.

Қандай ваколатларга эга?

Кузатувнинг мақсади – сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан, сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборат. Сайлов комиссиялари кузатувчининг мандати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатига, асосан, рўйхатга олгандан кейин унга ўз ваколатларини тўлақонли ҳамда тўсқинликсиз амалга ошириши учун шароит яратиб беради.

Кузатувчи сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида қатнашиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, сайлов участкасида сайлов қонунчилиги талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар етарли бўлса, ушбу участка сайлов комиссияси аъзоларига ёки юқори турувчи сайлов комиссияларига хабар беришга ҳақли. Кузатувчининг ваколат муддати унга мандат берилган кундан бошланади ва сайлов якунлари расман эълон қилинган куни тугайди. Агар тегишли сайлов комиссияси томонидан такрорий овоз бериш ёки такрорий сайлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинса, кузатувчилар мандатининг амал қилиш муддати узайтирилади.

Шу билан бирга, кузатувчи Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Сайлов кодексига, Марказий сайлов комиссиясининг қарорларига амал қилган ҳолда барча даражадаги сайлов комиссияларига, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ва бошқа ташкилотларга ташриф буюрганида унга берилган мандатни ҳамда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ёнида олиб юриши ҳамда мансабдор шахслар талабига мувофиқ уларни кўрсатиши керак.

Нималар ман этилади?

Кузатувчи сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиши мумкин эмас. Сайловчиларга таъсир ўтказиш, бирор-бир ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиш, сайловчилардан кимни ёқлаб овоз берганини суриштириш ёки сайловчиларга бюллетенга белги қўйишда бирор-бир тарзда ёрдам кўрсатиш ҳам тақиқланади. Шунингдек, участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан, сайлов қутилари муҳрланаётган, очилаётган, овозлар санаб чиқилаётганда аралашиш, сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиши ман этилади.

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM