ОДАМ САВДОСИ - ҚУЛЛИКНИНГ ЯНГИЧА КЎРИНИШИ

         Одам савдоси бугунги кунда қулликнинг замонавий кўринишидаги жиноят тусини олди. Дунёда содир этилаётган бу каби ҳаракатлар, жабрдийдаларнинг чеккан азиятлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида бонг урилмоқда. Афсуски, шунга қарамай ушбу кўринишдаги жиноятларнинг батамом  олди олингани йўқ.  Ўзгаларнинг пуч ваъдаларига ишониб, одам савдоси қурбонига айланаётган шахсларнинг ўзлари ҳам бу борада айбдор, албатта.    18 ноябрь куни туман ҳокимлиги мажлислар залида ўтказилган йиғилиш мавзуси шу ҳақда бўлди.

              Йиғилишда ўзини ўзи бошқариш органи вакиллари, фаоллардан ташқари, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича вилоят ишчи гуруҳи аъзолари ҳам иштирок этдилар. Ташқи меҳнат миграция агентлиги вилоят бўлими бошлиғи Абдуазиз Ҳафизов, вилоят ички ишлар бошқармаси вакили Тўлқин Элбоевлар одам савдоси ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш учун чет элга  фақат, қонуний йўл билан чиқиш, бораётган мамлакатнинг маҳаллий тилини билиш, қонунларидан бохабар бўлиш лозимлиги хусусида тўхталдилар.  Хорижга жўнатишни режалаштираётган агентликлар ҳақида ҳам тўлиқ маълумотга эга бўлиш шарт. Агентликнинг имконияти, чет эл корхоналари билан тузилган шартномаларига эътибор бериш зарурлиги уқтирилди.

               Айни пайтда туманимизда ҳам одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича туман комиссиясининг доимий фаолият олиб борувчи таҳлилий  ишчи гуруҳи мавжуд. Ишчи гуруҳ турли соҳа вакилларидан таркиб топган. Фуқароларимизни қизиқтирган саволларга улар тўласинча жавоб бераолишади.

             Азиз фуқаролар! Ўзингизни асранг! Ёлғон ваъдаларга учиб, одам савдоси қурбонига айланиб қолманг!    

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM