БЮСТ ОЧИЛДИ

                   23 февраль – Нарпай  элининг фарзанди, жамоат арбоби Бектош Раҳимов таваллуд топган кун.

            Куни кеча Соат 11:00 да Б.Раҳимовнинг бюстини очилиш маросими бўлиб ўтди. Дастлаб туманимиз ҳокими Ботир Жабборов сўзга чиқиб, Б.Раҳимовниг ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз юритди. Сўнгра “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Усмон Шарипов  бюстни бунёд этишда беминнат ҳиссасини қўшганларга нуронийлар номидан миннатдорчилик билдирди.

Мусиқа садолари остида бюст очилди.

 Аслида бу инсон ҳақида узоқ гапириб ўтиришга ҳожат йўқ. Чунки унинг ҳаёти ва фаолияти кўпчиликка яхши таниш. Шунга қарамай унинг таржимаи ҳолига қисқача тўхталамиз.

Бектош Раҳимов

Бектош Раҳимов 1924 йилда Нарпай туманининг Янгиариқ қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. Миллати ўзбек, маълумоти олий.

         Меҳнат фаолиятини бошланғич мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. 1942 йилдан Улуғ Ватан урушида қатнашган. 1945 йилда она юртига қайтгач, мактаб мудири, туман халқ маориф бўлими назоратчиси вазифаларида ишлаган. 1947-1950 йилларда туман ижроия қўмитаси раиси ўринбосари, раиси лавозимларида фаолият кўрсатган.

         1950-1952 йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказқўми ҳузуридаги партия мактаби тингловчиси бўлган. Сўнг Тошкент Олий партия мактабида ўқитувчи, партия ташкилотининг котиби бўлиб ишлаган, 1960-1961 йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказқўмида масъул ташкилотчилик қилган. 1961 йили Нарпай, 1961-1962 йилларда Каттақўрғон туманлари, 1962-1968 йилларда Хоразм, 1968-1975 йилларда Андижон, 1975-1982 йилларда Самарқанд вилоятларининг биринчи раҳбари бўлиб ишлаган.

         Б.Раҳимов раҳбарлигида пахта, дон ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича юқори кўрсатгичларга эришилган. Бу хизматлари юксак қадрланиб, 1973 йили собиқ СССР Олий Кенгаши Президиумининг фармони билан унга Социалистик Меҳнат Қахрамони унвони берилган.

         1982 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Республика халқ назорати қўмитаси раиси ўринбосари бўлган. Ўзбекистон Фанлар академияси сув муаммолари илмий тадқиқот институтида ишлаган. Уруш ва меҳнат фахрийлари кенгашининг раиси бўлган. Республика халқ академиясининг аъзоси, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи” (1974) унвони берилган, иқтисод фанлари номзоди (1969).

 

 

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM