ХАЛҚНИ СЕВГАН ИНСОНЛАР ЭЗГУЛИККА ҚОДИР

         Коронавирус ҳақида ваҳима билан гапиришнинг кераги йўқ. Ҳа тўғри, касалликка чалинган фуқаролар аниқланди. Уларни даволаш чоралари кўрилмоқда ҳам. Демак, беморларнинг тузалишига кафолат бор. Шу сабаб ҳовлиқмаслик керак.

         Мактаб, боғчалар фаолиятининг вақтинча тўхтатилиши, оммавий байрам тадбирларининг ўтказилиши кечиктирилгани фақатгина коронавируснинг кенг ёйилиб кетишининг олдини олиш учун холос. Мамлакатимизда кўрилаётган чоралар – дезинфекция ва бошқа бажарилиши зарур бўлган ишлар, одамларнинг шахсий гегиена қоидаларига риоя этишлари ваҳимаси ўзидан олдин юрадиган бу хасталикка барҳам беради, албатта.

         Бугун “Мирбозор бозори” ва “Деҳқонобод” масъулияти чекланган жамиятлар бозорларида туманимиз аҳлига бепул исириқ тарқатилди. Исириқ эса минг дардга даво. Анашу хайрли ишни туман ҳокимлиги ташаббуси ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти, туман давлат солиқ инспекцияси назоратида “Оқтошдон” акциядорлик жамияти амалга оширди.

         Бепул исириқ олаётган фуқаролар бу хайрли ишнинг бошида турганларга миннатдорчилик билдирдилар.

         Бу ҳали ҳаммаси эмас. “Оқтошдон”  акциядорлик жамияти аҳолининг кам таъминланган қатламига бепул ун тарқатди. Наврўз айёми олдидан 10 тонна ун маҳсулоти  юк машинасида “Ёшлар” истироҳат боғи ёнига келтирилди.  Шу ернинг ўзида маҳаллалар кесимида ун тақсимланиб, аҳоли хонадонларига жўнатилди.

         Биргина “Халқобод” маҳалласида яшовчи Нина мома оғир бетоб, тўшакка михланиб қолган. Байрам арафасида саҳоватпешаларнинг туҳфасини олгач, кўзларига ёш қалқиди. Яхшилар ҳақига илиқ фикрлар билдирди.

           Шу каби боқувчисини йўқотган оила аъзоси ҳам байрам совғасини миннатдорчилик билан қабул қилди.

         Энг муҳими, маҳаллада яшовчи чин етимларга ҳам ун берилди.

         Ўзбек халқи меҳр-оқибатли. Бугун яна бир тадбиркорлик субъекти раҳбарияти халқимиз учун беминнат хизмат кўрсатди. “Элегант барака”  комплекс маркази томонидан ҳар иккала бозорда 4500 дона нон бепул тарқатилди. “Келинг азизлар Элегантнинг эҳсон нонларига”, дея халққа ризқ улашаётган ходиларнинг овозлари баралла янграмоқда.

         Холис ният билан амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар бардавомдир. Асосийси, ўз элини, халқини, Ватанини севган тадбиркорнинг юраги эзгуликка тўла бўлади.             

 

 

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM