Аҳолини рўйхатга олиш қандай амалга оширилади ва қайси манбалар ҳисобидан молиялаштирилади?

 

                Мазкур жараён уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич, тайёргарлик босқичи бўлиб, 2-3 йилга яқин вақт давом этади.

Тайёргарлик жараёнидаги энг муҳим масала, аҳолини рўйхатга олишда фаол иштирок этиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, логотип ва шиорлар ишлаб чиқиш ҳамда бошқа шу каби тадбирлар амалга оширилади.

          Яна бир муҳим вазифалардан бири бу – шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режаларини ва маъмурий туманлар хариталарини тайёрлаш ҳамда аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш ҳисобланади. Бунда маҳалла, қишлоқ ва овулларнинг чегаралари, кўчаларда ном белгиларининг ўрнатилганлиги, турар
ва нотурар жойларнинг аниқ сони ҳамда уйларнинг рақамланганлиги аниқлаштириб олинади.

             Тайёргарлик босқичида аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳужжатлар, жумладан, рўйхатга олиш варақалари, рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш методологияси ишлаб чиқилади.

           Шунингдек, рўйхатга олувчиларни танлаш ҳам энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Чунки маълумотларнинг тўғрилигига бевосита айни улар масъул бўлади ва шакллантирилган маълумотлар реал бўлиши шарт. Бу жараёнга ҳар хил ёшда ва касбда бўлган шахслар жалб этилиши мумкин. Биринчи навбатда, Давлат статистика қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари ходимлари, олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва юқори босқич талабалари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқитувчилари, шунингдек, бошқа тоифадаги шахслар ҳам, улар мазкур жараёнда иштирок этишга рози бўлган тақдирда, жалб қилиниши мумкин.

          Давлат статистика қўмитаси томонидан туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда жойларда рўйхатга олувчи ходимларни ўқитиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади ва зарурат туғилса, уларга қўшимча маслаҳатлар берилади.

         Иккинчи босқич, асосий босқич бўлиб, бу тахминан 10-60 кунгача давом этади. Бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш материаллари топширилади.

         Мамлакатимизда 2022 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбири анъанавий усулда, яъни рўйхатга олувчи шахслар томонидан ҳудудларда уйма-уй кирган ҳолда, юзма-юз суҳбат асосида, қоғоз шаклидаги рўйхатга олиш варақаларини тўлдириш орқали амалга оширилади.

       Учинчи босқич муддати қарийб икки йилгача бўлиб, рўйхатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар ягона электрон ахборотлар тизимига киритилиб, маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил қилинади ва натижалар эълон қилинади.

       Амалдаги меъёрий ҳужжатларга биноан, якуний маълумотларни уч тилда эълон қилиниши кўзда тутилган. Чора-тадбирлар дастурига асосан 2024 йил 1 декабрига қадар аҳолини рўйхатга олиш натижалари расман чоп этилади ва эълон қилинади ҳамда аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки ва якуний маълумотлари архивда сақлаш учун тайёрланади.

         Чет эл давлатлари тажрибасидан маълумки, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш кўп меҳнат ва маблағ талаб этади. Бунинг учун тадбирни молиялаштириш манбаларини аниқлаштириб олиш ҳам муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

         Юртимизда 2022 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини молиялаштириш, Ўзбекистон Республикасида
2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясига мувофиқ, Давлат бюджети маблағлари ва қонун билан таъқиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

        Молиялаштириш учун зарур маблағлар ҳажми Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва бошқа масъул идоралар
ҳисоб-китоблари асосида, шунингдек, тендер савдолари ва тендер ҳужжатларини расмийлаштириш натижалари бўйича аниқланади.

      Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга, унинг материалларини қайта ишлашга, натижаларини олиш ва эълон қилишга жалб этилган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нормативлар асосида амалга оширилади.

        Маълумот тариқасида, 2010 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига сарфланган харажатлар қиймати ўртача аҳоли жон бошига Тожикистонда 1,31 АҚШ долларини, Қирғизистонда
1,12 АҚШ долларини, Озарбайжонда 1,03 АҚШ долларини, Молдовада
2,15 АҚШ долларини, Россия Федерациясида 3,81 АҚШ долларини ташкил этган.

 

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Разработан в: SAKTRM