Мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш ҳар ўн йилда ўтказилади

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 16 март куни “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни имзоланди. Мазкур Қонун, аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни ҳар томонлама тартибга солувчи илк бор қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжат сифатида Ўзбекистон тарихидан ўрин олди. Чунки шу вақтгача бу соҳада қонунчилигимизда ҳеч қандай ҳужжат йўқ эди.

Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5655-сон
Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилди.

Қонунни ишлаб чиқишда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти
ва Европа статистиклари конференциясининг аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича асосий тамойиллари ва тавсияларидан асос сифатида фойдаланилди. Шунингдек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Осиё ва Европа мамлакатлари, жумладан, Россия Федерацияси, Беларусь, Украина, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ, Канада ва бошқа давлатларнинг ушбу соҳадаги тажрибалари ўрганилиб, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилди.

Қонун бешта боб ва ўттиз бир моддадан иборат бўлиб, унда қонуннинг мақсади, асосий тушунчалар, аҳолини рўйхатга олишнинг вазифалари ва принциплари ёритиб берилган. Асосий принциплардан бири сифатида даврийлик принципи, яъни аҳолини рўйхатга олиш ўн йилда камида бир марта ўтказилиши ҳамда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги қарор, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилиниши белгилаб қўйилган.

Аҳолини рўйхатга олиш жараёнида, шахсга доир маълумотлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга олиш варақлари асосида ҳар бир респондент учун якка тартибда тўлдирилади, яъни рўйхатга олувчи шахслар томонидан уйма-уй юриб, ҳар бир респондент учун алоҳида тўлдирилади. 

Яна бир муҳим принциплардан бири, бу шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги бўлиб, бунда аҳолини рўйхатга олиш жараёнида йиғилган шахсга доир маълумотлар махфий ҳисобланиши, улар респондентнинг розилигисиз ошкор этилмаслиги ва тарқатил-маслиги қатъий белгилаб қўйилган.

Қонунда респондент тушунчасига ҳам аниқлик киритиб кетилган, яъни респондентлар – аҳолини рўйхатга олиш санасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи, лекин аҳолини рўйхатга олиш санасида унинг ҳудудидан ташқарида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳам респондент ҳисобланиши ёритиб ўтилган.

Шунингдек, Қонунда, аҳолини рўйхатга олишни тартибга солиш соҳасида давлат бошқаруви, махсус ваколатли давлат органи, рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича Республика комиссияси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, аҳолини рўйхатга олишда иштирок этувчи респондентлар ва рўйхатга олувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тартиби, тадбирларни молиявий таъминлаш асослари белгилаб берилган.

Республикамизда 2022 йилда илк бор аҳолини
рўйхатга олиш ўтказилади

Маълумки, БМТнинг 2015 йил 10 июндаги “2020 йилда аҳоли
ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар
ва тавсиялар” резолюцияси қабул қилинган ва унга асосан, БМТга аъзо давлатлар ҳар ўн йилда камида бир марта аҳолини рўйхатга олишни ўтказиши белгилаб қўйилган. Айни пайтда, МДҲ давлатларида бу жараёнга тайёргарлик бошланган. 2019 йилнинг октябрь ойида Озарбайжон ва Беларусь давлатларида аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказлди. Жорий йилда Арманистон, Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларида мазкур тадбирни ўтказиш режалаштирилган.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида ҳали бирор марта аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Ушбу тадбир сўнгги бор собиқ иттифоқ даврида 1989 йилда ўтказилиб, ўша пайтда юртимиз аҳолиси
19,7 миллион кишини ташкил этган.

Амалдаги жорий ҳисобга кўра, 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра республикамиз доимий аҳолиси сони 33 905,8 минг кишини ташкил этиб, шундан шаҳар аҳолиси сони 17 118,4 минг кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 50,5 %), қишлоқ аҳолиси сони 16 787,4 минг кишини (49,5 %) ташкил этади. Жами аҳолимизнинг 50,2 % ни эркаклар (17 036,1 минг киши), 49,8 % ни аёллар (16 869,7 минг киши) ташкил этади.

2019 йил давомида республика бўйича туғилган болалар сони
815,9 минг нафарни, вафот этганлар 155,0 минг кишини ташкил этган.

Республика ҳудудлари кесимида, 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра энг кўп аҳоли сони Самарқанд вилоятида 3878,0 минг кишини (республика жами аҳолиси сонидаги улуши 11,4 %), Фарғона вилоятида 3752,0 минг кишини (11,1 %) ва Қашқадарё вилоятида 3280,1 минг кишини (9,7 %) ташкил этди.

2020 йил 1 январь ҳолатига кўра ҳудудлар бўйича
доимий аҳоли сони, минг киши