Мактаблари обод, эҳтиёжмандлари даромадга кираётган туман ҳақида

Мустақиллик байрами арафасида Самарқанд вилояти Нарпай тумани ҳокими Ботир Жабборов “Шуҳрат” медали билан тақдирланибди. Бу ҳоким учун яхши рағбат. Бунинг ортида эса улкан меҳнат, машаққат ва ташаббус ётади. Хўш, бу қандай меҳнат эканки, бошқаларга ўрнак бўлса? Ҳозир ҳамма ҳокимлар ҳам ўзини кўрсатиб, “катта ишлар” қилиб, халқ орасида меҳр-мухаббатга эришиш ва республикада “рейтинг”га эга бўлиш илинжида ўзини ўққа-чўққа ураётган бир пайтда Ботир Жабборовнинг қандай хизмати бошқаларникиданда эътирофга сазовор бўлди? Давлат сиёсати даражасига кўтарилган камбағалликка қарши курашишда Нарпай тажрибаси қандай? Бу тажриба билан туман масъуллари бизни қанчалик ишонтира олди? Бугун шу ҳақида сўз юритамиз.

Уйида тўй бўлса-да, кўчада ишлаб юрган ҳоким

Нарпай туманига борганимиздан ҳокимни қидиришга тушдик. Эшитишимизча, ўша куни ҳоким уйида тўй. Акасининг ўғлини уйлантираётган экан. “тўйда бўлсалар, безовта қилмайлик” десак, ўринбосарлар “у киши уйида эмас, ўқув йили очилиши бўйича мактабларда юрибди” дейишди. Хуллас, ҳоким тумандаги 38-мактабда ўқитувчилар ва ота-оналар билан янги ўқув йилини қандай ташкил этиш бўйича мажлис қилаётган экан. Кутиб турдик. Четдан туриб ҳоким аканинг халқ билан суҳбатини ҳам кузатдик. Дадил гаплар. Ўқувчилар учун етарлича шароитлар яратилаётгани, эвазига болалардан фақат яхши ўқиб, Ватанга муносиб жавоб қайтарадиган ёшлар бўлиб етишишлари, бу борада ўзи доим хизматда эканлигини таъкидлаб, қарсаклар остида мажлисни ҳам тугатиб олди. Секин қулоғига бориб келганимизни айтишгач, ҳоким ёнимизга келиб, бир оғиз узрини сўраб, ўзи ва тумандаги ўзгаришлар ҳақида гапира кетди: 

— Мен аввало, таълим тизими ва ижтимоий инфратузилмага эътиборимни қаратдим. Тумандаги қайсики чекка қишлоқлардаги мактабларга борсангиз, мактабга кириб келишингиздан бинога киргунингизча мактаблар ҳовлиси цемент қилинган. Болаларимиз мактабга киргандан шароитларга эга бўлишсин, танаффусларда эса маза қилиб ўйнашсин, дея шундай қилдик. Ўқувчиларимиз яхши ўқиб, шароитларга эга бўлишса, бас. Бундай шароитлар фақатгина мактаблар учун эмас, туман тарихида бўлмаган ишлардан бири сифатида ўрнатилаётган сув-оқава тизимини мисол келтиришимиз мумкин. Бундан ташқари, маҳаллий ва чет эл инвесторлари ҳомийлигида бир нечта қўшма корхоналарнинг қурилиши ҳам туман бюждети учун катта фойда келтиради. Ҳали қиладиган ишларимиз кўп. 

“Уйингизда тўй экан, сиз эса мажлис ўтказиб юрибсиз”, деган саволимизга Ботир Жабборов: 

“Тўй ёшларники, иш эса кутиб турмайди. Мактабга тайёргарлик бўйича ота-оналар ва ўқитувчилар фикрини билишимиз керак. Янги ўқув йилига тайёрмиз. Ота-оналар ҳам ўқишнинг мактабда бошланиши тарафдори”, дея жавоб берди.

Камбағалликка қарши курашиш бўйича Нарпай тажрибаси

Камбағалликка қарши курашиш, “темир дафтар” юритиш бўйича туманда қандай ўзига хослик борлигига қизиқдик. Асосий қисми сувсиз чўл бўлган Нарпай туманида бу муаммо қандай ечимга эга? Эътиборимизни тортгани туманда камбағал оилаларга кўмак кўрсатиш асносида бир томонлама ёндашилмаган. Оилаларга ҳам моддий ёрдамлар, ҳам иссиқхона қуриб, ҳам такрорий экин учун ер, парранда бериб, керак бўлса уй ҳам қуриб бериб “темир дафтар”даги аҳоли билан тизимли ишлашаётганлиги бизни хурсанд қилди. Ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш билан эҳтиёжманд оилалар ўзларини тиклаб олаётганлигини ўз кўзимиз кўриб, гувоҳи бўлдик. Биргина мисол сифатида Умид МФЙда истиқомат қилувчи 11 нафар оила аъзоларига эга Низом Баратов хонадонига юқоридаги барча ёрдамлар кўрсатилган.

“Бир ёрдам бўлса, шунча бўлибди-да”

“Мана, давлат томонидан барча ёрдамларни оляпмиз. Энди биздан талаб қилинадигани ишлаб, ўзимизни тиклаб олиш. Туман ҳокимлиги ёрдами билан мен ва икки ўғлим фермер хўжалигига ишга жойлаштирилдик. Ҳар биримизга 800 минг сўмдан ойлик белгиланди. Текинга 1 сотокли иссиқхона қуриб берилди. Унинг ярмига ҳозир ловия экканман. Қолганига энди кўкат экмоқчиман. Яна 100 та товуқ ҳам келтириб беришди. Кунига 25-30 та тухум бор. Униям сотамиз, сотилмаганини еймиз. Такрорий экин учун ҳам 20 соток ер беришган. Уёққа сабзи экканмиз. Насиб бўлса, 10 млн. сўмгача даромад олиш ниятимиз бор. Яқинда ҳар биримиз учун 220 минг сўмдан жами 2 млн. 420 сўм ёрдам пули ҳам бериб кетишди. Уйимизнинг шефири йўқ эди. 50 та шефир ва тахталар ҳам ёрдам қилишди. Бир ёрдам бўлса, шунча бўлибди-да. Шундан келиб чиқиб, энди ойлик даромадимизни ўзингиз ҳисоблайверинг”, - дейди ҳурсандчилик кайфияти билан Низом ака Баратов.

Хулоса ўрнида

Биргина оила мисолида эҳтиёжманд оилага кўрсатилган ёрдамни ижобий баҳолаш мумкин. Лекин биргина оила мисолида тумандаги камбағалликка қарши курашиш даражасига баҳо бериш нотўғри. Шундай экан, Нарпай туманида бу борада қилинаётган ишларни ўрганишда давом этар эканмиз, катта тадбиркорга айланиб, энди Россияга кетмасликка қарор қилган йигит, чўлда 170 метрдан сув чиқариб, 75 та “темир дафтар”даги оилалар билан биргаликда кооператив бўлиб ишлаётган тадбиркор билан кўришиб (булар ҳақида кейинги мақолаларимизда) ва бундай кооперациялар сони бир нечталигини гувоҳи бўлиб, туман секторлари раҳбарларининг бошқа туманларга намуна қилгулик меҳнатларини ижобий баҳолаш мумкин бўлади. Шу ўринда айтиш керакки, туман раҳбарлари бир пайтлар бўлганидек, фақат “пахта плани” билан машғул эмас. Камбағалликка қарши курашиш бўйича эса энди улар ўз тажрибаси ва стратегиясига эга. 

Сардорбек Раҳмонқулов  

darakchi.uz

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Maked by: SAKTRM