Самарқандда туялар карвонини ясаётган ҳайкалтарош

Ҳайкалтарошлик шундай санъатки, сиздан метиндек ирода, сабр-у бардошни талаб этади. Ва шунинг эвазига бетакрор санъат асарлари яратилади. 
Нарпайлик Умурзоқ Шарипов ҳаётини ҳайкалтарошлик санъатисиз тасаввур эта олмайди. У ясаган бюстлар, турли ҳайвонларнинг ҳайкаллари бугун нафақат Самарқандда, балки республикамизнинг бошқа ҳудудларида бўй чўзиб турибди. Айни пайтда Умурзоқ ака Самарқанднинг тарихийлигини, Буюк Ипак йўли чорраҳасидаги шаҳар эканлигини акс эттирувчи туялар карвони устида иш олиб бормоқда. Бу “карвон” Самарқандга кираверишда Чўпонота массивидаги постдан ўтганда  қурилиши режалаштирилган.
- Туялар карвони туя ва икки сарбондан иборат, - дейди ҳайкалтарош. - Уларнинг биринчиси оқ рангда бўлиб, 3,5 метр узунликда бўлади. Қолганлари 2 метрдан зиёд, уларнинг ҳаракати, характери, устидаги юклари ҳам бошқа-бошқа. Саҳрони акс эттириш учун саҳро ўсимликлари ва ҳатто жониворлари ҳам жойлаштирилади.
65 ёшни қаршилаётган бу инсон доим изланишда. Ёшлигидан меҳр берган касбини ривожлантиришга, бир-бирини такрорламайдиган образлар яратишга иштиёқи баланд.

- Оддий оилада камол топганман, отам хўжалик ишчиси, онам уй бекаси, - дейди уста ҳайкалтарош Умурзоқ Шарипов. – Бобомнинг боболари уста кулол эди. Рўзғор буюмларини ясаш, саховатпешаликда барчага ибрат бўлган экан. У кишининг истеъдоди менда намоён бўлгандир, балки 6 ёшлигимда ўчоқда қолган ўтинларнинг қоракуясидан мўйқалам ясаб, деворларга расм солардим. Кейинчалик лойдан турли шаклларни ясай бошладим. У вақтлар маҳаллаларда аҳиллик бор эди. Ҳамқишлоғимиз, ўқитувчи Эркин ака Розиқов мендаги қизиқишни кўриб отамга айтган. Ва биз кулолчилик, ҳайкалтарошлик билан жиддий шуғуллана бошладик. Мактабда ҳам устозларимнинг сабоқлари театр ва рассомчилик институти ҳайкалтарошлик факультетида ўқишим учун пойдевор бўлди. Олий даргоҳда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ҳайкалтарош  Абдумўмин Бойматов, рассом Рўзи Чориевлардан сабоқ олдим.
Нарпай тумани хотира майдонига ўрнатилган Мотамсаро она ҳайкали, Оқтош шаҳридаги Алишер Навоий бюсти, Абдулла Ориповнинг Қашқадарёдаги уй-музейидаги ҳайкали, Сурхондарёнинг Термиз шаҳридаги вилоят онкология диспенсеридаги Ибн Сино ҳайкали, юртимизда камол топган забардаст бахшиларимизнинг портрети, Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 100-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернатидаги Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг бюсти Умурзоқ Шариповнинг меҳнатлари меваси. Уларнинг аксарияти совға тариқасида тортиқ этилган.
- Битта ҳайкал, композиясини яратиш учун баъзан икки ой муддат сарфланади, - дейди У.Шарипов. – Бу инсондан кучли сабр-тоқатни талаб этади. Ясаган ҳайкалларим узоқ муддат сақланиши учун уни темир бетондан ясайман. Албатта, каттагина маблағ талаб этилади. Нолимайман, 60 нафардан зиёд шогирдларим, фарзандларим, невараларим касбимнинг давомчилари.
Ҳайкалтарош юртимиз сиёсий арбоблари, жадид боболаримиз бюстларидан иборат уй-музейи ҳамда музей қошида мўъжазгина кутубхона ташкил этиш ниятида.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM