Туман (шаҳар) ҳоким ўринбосарлари орасидан юқори лавозимларга заҳира кадрлар шакллантирилмоқда

Бугунги кунда Янги Ўзбекистонни замонавий фикрлайдиган, халқ манфаатини ўз манфаатларидан устун қўядиган, давлат бошқарувида инновацион ёндашувларни татбиқ этишга қодир бўлган янги авлод давлат хизматчиларисиз қуриб бўлмаслигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шундай экан, Учинчи Ренесанс остонасида турган Ўзбекистонни ислоҳотларнинг яратувчиси давлат хизматчиларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Зеро, давлатимиз Раҳбари 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномада “Бугун ҳаётнинг ўзи биздан профессионал, тезкор ва самарали давлат хизмати тизимини шакллантириш, янгича фикрлайдиган, ташаббускор, эл-юртга садоқатли кадрларга кенг йўл очиш бўйича самарали тизим ишлаб чиқишни талаб этмоқда” дея таъкидлаган эди.

Шу муносабат билан, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали томонидан жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойлари давомида ҳудуддаги барча туман ва шаҳарлар ҳоким ўринбосарларини турли усуллар орқали баҳолаб, улар орасидан вилоят бўйича энг намунали ва истиқболли 10 нафарини ҳамда баҳолаш натижаларига кўра паст кўрсаткичларни қайд этган 10 нафар ҳоким ўринбосарларини аниқлаш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ҳоким ўринбосарларини баҳолашда “360 даража” усулидан фойдаланган ҳолда, улар тўғрисидаги обьектив маълумотларни сўровнома орқали тегишли йўналишлар бўйича вилоят ҳокими ўринбосарлари, туман (шаҳар) ҳокими, бирга ишлайдиган ҳоким ўринбосарларидан бири, ходим томонидан мувофиқлаштириладиган ташкилот ҳамда филиал раҳбаридан жамлаб, ҳоким ўринбосарларининг касбий салоҳияти ҳар томонлама ўрганилди. Бундан ташқари баҳолашда иштирок этаётган барча ҳоким ўринбосарлари test.argos.uz сайти орқали билими синовдан ўтказилди. Якуний синов сифатида тегишли йўналишлар бўйича ҳоким ўринбосарлари Агентлик филиали раҳбари ва вилоят ҳокимлиги масъул раҳбарлари иштирокида суҳбатдан ўтказилди.

Тест, сўровнома ҳамда суҳбат натижаларига кўра ҳар бир ҳоким ўринбосарига ривожлантириш талаб этиладиган касбий кўникмалари, раҳбарлар учун таклиф этиладиган малака ошириш, қайта тайёрлаш курслари, ўринбосарларнинг ўзлари томонидан қизиқиш билдирилган малака ошириш курслари бўйича якуний хулоса ва таклифлар шакллантирилди.

Баҳолашнинг сўнгги босқичи натижаларига кўра вилоят бўйича туман (шаҳар) ҳоким ўринбосарлари орасидан ҳокимликка ва ўз соҳаси бўйича юқори лавозимга тавсия этиладиган 10 нафар ҳамда аксинча, қуйи лавозимларга тавсия этиладиган 10 нафар ҳоким ўринбосарлари юзасидан маълумот тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM