Нарпай туманида 2020 йилда амалга оширилган асосий ишларнинг якуни ва 2021 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари юзасидан туман ҳокими Ш.Раҳмоновнинг МУРОЖААТИ

Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар!

Қадрли фаоллар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар!

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуси билан илк маротаба ҳокимларнинг кенг жамоатчиликка 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва
2021 йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномаси тақдим этилмоқда.

Ушбу мурожаатнома ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқда.

Бугунги тадбиримизда халқ депутатлари Нарпай туман Кенгаши депутатлари, маҳаллий ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишмоқда.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Бугун юртимизда ҳурматли Юртбошимиз раҳбарлигида ҳар бир соҳада кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Эришган натижаларимиз тарихга айланиб, олдимизда янги-янги ўзгаришларни амалга ошириш бўйича улкан вазифалар ва имкониятлар пайдо бўлмоқда. Шу боис, бугун Сизлар билан биргаликда туманимизни 2020 йил якунини сарҳисоб қилиб, келгуси йилда ривожлантириш бўйича, устувор йўналиш ва вазифаларни белгилаб олишимиз лозим.

Ҳурматли Президентимиз раҳбарликларида шу йилнинг 7 май куни ўтказган видеоселектор йиғилишида “Пандемия шароитида яшаш ва ишлашга ўрганишимиз керак” деган фикрлари бизга дастурул амал бўлди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ўтган давр мобайнида пандемия шароитида иқтисодиёт тармоқларини, шу жумладан тадбиркорлик субъектларини узлуксиз ишлашини таъминлаш, фаолиятини вақтинча тўхтатган корхоналар фаолиятини тўлиқ тиклаш, бюджетга тушумлар миқдорини кўпайтириш ва бу орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини ҳар тарафлама қўллаб-қўллаб қувватлаш бўйича сектор раҳбарлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан биргаликда бир қатор ишлар олиб борилди.

Жумладан, пандемия бошланишида Нарпай туманида фаолият кўрсатаётган 184 та саноат корхонасининг 10 таси фаолиятини вақтинча тўхтатди, шунингдек 15 таси 25 фоиз, 20 таси 50 фоиз қувватда ишлай бошлаганди.

Пандемия бўлишига қарамасдан туманда саноат ишлаб чиқариш хажми 9 ой якунида 407 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 120 фоизга, аҳоли жон бошига қарийб 2 млн. сўмга тўғри келди.

Давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқлардан келиб чиқиб, сектор раҳбарлари ва бошқа мутассади ташкилотлар билан бирга “корхонабай” иш олиб борилди.

Саноат ишлаб чиқариш хажми 2019 йил йил якуни билан
302 млрд. сўмни, аҳоли жон бошига 1 млн, 422 минг сўмни ташкил қилган бўлса, жорий йил якуни билан 577 млрд. сўмга ва аҳоли жон бошига 2 млн. 700 минг. сўмга етказишни режа қилганмиз.

Шундан келиб чиқиб, 2021 йилнинг 1 ярим йиллигида 340 млрд 200 млн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

Хизматлар ҳажми 9 ой якунлари билан аҳолига жон бошига
1 млн. 226 минг сўмни
ташкил қилган бўлса, жорий йил якуни билан ушбу кўрсаткич 355 млрд.сўмга етказиш режа қилганмиз.

Шунингдек, худуддаги тижорат банклари томонидан жорий йилнинг ўтган январ-ноябр ойларида жами 584 та лойиҳага 22,4 млрд.сўм маблағ ажратилди.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Жорий йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари дорасида жами 80 та, 176,6 млрд.сўмлик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

Шундан, январ-декабр ойларида 77 та 121 млрд. сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 628 та янги иш ўринлари яратилди. Маҳаллий бюджетга дастурлар доирасида қўшимча 11 млрд. сўмлик тушумлар туширилишига эришилди.

Туманга 4,4 млн.доллар хорижий инвестициялар жалб қилиш режалаштирилиб, амалда 3 та корхона томонидан 5,2 млн.долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.

2020-2021 йиллар худудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида бир қатор истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ этилади.

Бунда илгари туманда ишлаб чиқарилмаган 4 турдаги шифер, азбис, ванна, газаблок каби саноат маҳсулотлари эндиликда ўзимизда ишлаб чиқарилиш йўлга қуйилади.

Қадрли тумандошлар!

Секторларда фаолият юритаётган “камбағалчиликни қисқартириш штаби” аъзолари, депутатлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари билан биргаликда туман ҳудудида камбағал, эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити ўрганилиб, 13871 нафар аъзолари бўлган 3011 та камбағал оила “Темир дафтар”га киритилди.

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида бу оилаларни қўллаб қувватлаш мақсадида бугунгача саҳоватпеша тадбиркорларимиз ҳамда саҳий фуқароларимиз ҳисобидан 581 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон, чорва моллари ва бошқа турдаги ижтимоий кўмаклар кўрсатилди.

Жами шу кунга қадар “Темир дафтар”даги 3011 та оилалардан Халқ депутатлари шаҳар кенгашини тегишли қарорига асосан 1880 та оилаларнинг 4482 нафар аъзолари иш билан таъминланиб, даромад манбаи яратилди ва қамбағалликдан чиқарилди.

Ҳурматли депутатлар!

Жорий йилда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўтган 11 ой мобайнида туманда аҳоли бандлигига кўмаклашиш, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни бандлигини таъминлаш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Бугунги кунда туманда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони (меҳнат ресурслари) 118 минг кишини ташкил этиб, шундан 80 фоизи иқтисодий фаол аҳоли ҳисобланади.

Иқтисодий фаол аҳолининг 12 фоизи ёки 11 мингга яқин фуқаро иш ўринларига муҳтож.

34 нафар оғир турмуш шароитида яшовчи аёлларнинг бандлиги таъминлаш бўйича манзилли ишлар ташкил қилиниб, ўтган давр мобайнида уларнинг барчасини бандлиги таъминланди.

3577 нафар ишсиз фукаро Бандликкка кўмаклашиш  марказига иш сўраб мурожаат килган бўлиб,  шундан 965 нафари доимий иш ўринларига жойлаштирилди. 2020 йил якунига қадар 1273 нафар фуқаро доимий иш ўринларига эга бўлиши режалаштирилган.

Аҳолини кам таъминланган қисмини қўллаб-қувватлаш мақсадида  295 та оилага шахсий томорқасида иссиқхона қуриб бериш учун 1 млрд 493 млн. сўм, 38 нафар ишсиз фуқароларга ўз бизнесларини шакллантириб давлат руйхатидан ўтиш харажатларини қоплашга 7 млн. сўм субсидия маблағлари ажратилди.

Нарпай қишлоқ хўжалиги соҳасида республикамизда илғор туманлар қаторида туради.

2020 йил қийин ва синовли йил келганлигига қарамасдан меҳнаткаш ҳалқимизнинг саъй-ҳаракатлари билан, пилла ҳосилидан тортиб, оқ пахтани йиғиб олгунга қадар заҳматкаш деҳқонларимиз улкан ишларни амалга оширдилар.

Жумладан, пилладан 245 тонна ўрнига 275 тонна, ғалладан 19 273 тонна ўрнига 19500 тонна, пахтадан 33430 тонна ўрнига 34100 тонна хомашё топширилди.

Сув ресурсларидан унумли фойдаланишни йўлга қуйиш мақсадида жами 2552 гектар майдонда томчилатиб суғориш жорий этилди. Жумладан, 2019 йилда 1000 гектар, 2020 йилда 1552 гектар майдондан томчилатиб суғориш усули орқали фойдаланилди.

Жорий йилда фойдаланишдан чиққан, йиллар давомида қаровсиз бўлиб турган 712 гектар майдонларни фойдаланишга қайтарилди.

Чорвачилик соҳасида ҳам бир қанча ишлар амалга оширилди. Жумладан, 5 та лойиҳада 375 бош наслли мол чет давлатлардан келтирилди.

Ушбу соҳада 2021 йилда ҳам тизимли ишларни амалга оширилиб,
2 500 бош наслли чорва сонини кўпайтириш ҳисобига аҳолини гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талабини тўлароқ қондиришни мақсад қилганмиз.

Туманни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан 2021-2022 йиллар учун жами 170 та 526,5 млрд. сўмлик лойиҳалар ишлаб чиқилган бўлиб, натижада 1656 та янги иш ўрни ва бюджетга қўшимча
20 млрд.сўм тушумлар тушишига эришилади.

Хусусан саноатда 33 та лойиҳа (иш ўрни 745 та);

Қишлоқ хўжалигида 37 та лойиҳа (иш ўрни 308 та);

Хизмат кўрсатиш соҳасида 100 та лойиҳа (иш ўрни 603 та) ишга туширилади.

Ҳурматли мурожаатнома иштирокчилари!

Аҳоли истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг бир қисми ўзимизда ишлаб чиқарилмайди. Бу эса туманимизда озиқ-овқат хавфсизлиги учун зарур чоралар кўришимиз лозим эканлигини билдиради.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда 2020-2021 йил қиш ва баҳор ойлари учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини заҳирага жамғариш бўйича ўз олдимизги режа белгилаб олганмиз.

Шуни алоҳида таъкидлашимиз керакки, режа белгилаб олиш жараёнида аҳолимизнинг сони ва уларнинг ёш жиҳатдан таркибига алоҳида эътибор қаратилган. Белгилаб олган режамизга асосан жами
4675 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари омборхоналарга жамғарилган.

Жамғарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 1939 тоннасини картошка, 988 тоннасини пиёз, 1368 тоннасини сабзи ва 380 тоннасини гуруч ташкил этади.

Бугунги кунда худудда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун 13 та умумий ҳажми 4300 тонна сиғимидаги музлаткичли омборхоналар ҳамда 4 та умумий хажми 2500 тонналик омборхоналар мавжуд.

Бундан ташқари, худудий дастурлар доирасида яна 1 та лойиҳа асосида умумий сиғими 300 тонна миқдоридаги музлаткичли омборхоналар ташкил этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4804-сонли қарорига мувофиқ, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга қайта тайёрлашни самарали ташкил этиш мақсадида бугунги кунда тумандаги 3 та касб-ҳунарга ўқитиш марказларида 37 нафар фукаролар кайта касбга ўкитишга йўналтирилди.

Аҳоли орасида бирор корхона ёки ташкилотда ўзига қулай иш тополмаслиги натижасида меҳнат шартномаси, доимий иш ҳақига эга бўлмаган, бироқ турли мавсумий меҳнат ишлари билан банд бўлган ёки оиласида томорқа билан шуғулланиб, даромад топадиганлар кўпчиликни ташкил этарди.

Аммо, уларнинг фаолияти ҳеч қаерда қайд этилмасди. Бу эса пенсия ёшига етганда меҳнат стажи йўқлиги муаммосини келтириб чиқарарди.

Президентимиз томонидан 8 июнда қабул қилинган 4742-сонли қарори билан 67 та йўналишда фаолият юритиб келаётган фуқароларни норасмий фаолиятларини легаллаштиришда катта қадам бўлди.

Ушбу қарор асосида бугунгача 4850 нафар фуқаролар ўзини ўзи банд қилган сифатда рўйхатга олинди ва белгиланган йиллик режа (1995 та) 243 фоизга бажарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислох қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6096 сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида тумандаги “Оқтош деҳқон” бозори ва “Мирбозор бозори” МЧЖларни
51 фоиз улушини хусусийлаштириш дастурига киритиш орқали давлат улушини камайтириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

2020 йилда худудий экспорт режаси 10 млн. 450 минг. доллар этиб белгиланган бўлиб, шундан саноат 7 млн 359 минг. доллар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 3 млн. 91 минг. доллар этиб белгиланган.

Шундан ўтган январ-ноябрь ойларида ҳудудий экспорт кўрсатгичи
6 млн 994 минг. долларни (67 фоиз) ташкил этди.

Туманда 2020 йилда 4 млн. доллардан ортиқ хорижий кредит маблағлари жалб қилинган ҳолда “Нба-аллианз" МЧЖ, “Агроголдспринг” фермер хўжалиги, “Асадбек Тошев” фермер хўжаликлари томонидан инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Бунинг натижасида мазкур корхоналар томонидан 2021 йилда 2,0 млн. долларга тенг маҳсулотлар МДҲ давлатларига экспорт қилиниши режалаштирилмоқда.

Қадрли тадбир иштирокчилари!

Нарпай туман Ҳалқ таълим бўлимига қарашли мавжуд 70 та умумтаълим мактаблари, 1 та баркамол авлод болалар мактаби фаолият юритмоқда.

Ўтган 3 йил давомида Инвестиция ва “Обод қишлоқ” дастурлари доирасида 17 млрд 624 млн.сўм маблағлар сарфланиб, 8 та мактаблар тўлиқ таъмирланди, 4 та мактаблар реконструкция қилинди ҳамда 2 та янги спорт заллари қурилди.

2021 йил инвестиция дастурлари доирасида 1364 ўринли 2 та мактабларни реконструкция қилиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Жорий йилда туманда жами 2973 нафар 11-синф битирувчилари мавжуд бўлиб, шундан 427 нафари (14 фоиз) олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.

2020 йилда инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2 та, 30 ва 43-сонли умумтаълим мактабларида  қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Ҳозирги кунда ҳалқ таълими бўлимига қарашли мактабларда фаолият олиб бораётган 3106 нафар ўқитувчиларнинг 2676 нафари
(86,1 фоиз) олий, 430 нафари (13,9 фоиз) ўрта махсус маълумотга эга ўқитувчилар ҳисобланади.

(Мактабгача таълим тизимини яхшилаш бўйича)

Туманда жами мактабгача таълим ташкилотлари сони 163 тани ташкил қилади. Шундан давлат мактабгача таълим ташкилотлари 56 та, давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари сони 2 та, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони
105 тани ташкил этади.

Туманда мавжуд 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар 17725 нафарни ташкил этади. Бугунги кунда 10751 нафар болалар мактабгача таълимга қамраб олинган. Бу кўрсаткич 60,6 фоизни ташкил этади.

2021 йилда инвестиция дастурлари доирасида 3 та (47, 62 ва 66-сонли) 10260,0 млн.сўмлик мактабгача таълим ташкилотларининг бинолари реконструкция қилиш режалаштирилмоқда.

Мактабгача таълим соҳасига қамровни 2021 йилда 30 та уй боғчалари, инвестиция дастурлари асосида янгидан қуриладиган 3 та давлат боғчалари  ва мавжуд 56 та боғчаларда қўшимча гурухлар ташкил этиш ҳисобига қамров даражасини 75 фоизга чиқаришни ўз олдимизга катта мақсад қилиб қўйганмиз.

 (Соғлиқни сақлаш тизими бўйича)

Туман тиббиёт бирлашмаси қошидаги тиббиёт муассасалари жами 214,7 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Тиббиёт бирлашмаси таркибида 365 ўринли шифохона, 30 ўринли ШТЁБ, 30 ўринли юқумли касалликлар бўлими, 60 ўринли туғруқ бўлими,  20 ўринли терапия, 20 ўринли асаб касалликлари, 20 ўринли кардиология, 15 ўринли кўз касалликлари, 45 ўринли болалар, 25 ўринли шикастбандлик, 20 ўринли эндокринология, 20 ўринли жарроҳлик,
15 ўринли гинекология, 30 ўринли ҳомиладорлик хасталиклари, 15 ўринли реабилитация бўлимларидан ҳамда 250 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника ва тез тиббий ёрдам бўлими мавжуд.

2020 йил 10 ойи давомида айрим турдаги касалликлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайишга эришилди, Жумладан тери таносил касалликлари 78 тадан 59 тага, Норкологик касалликлар 159 тадан, 119 тага, сил касалликлар 69 тадан 59 тага камайишга эришилди.

Туманда COVID-19 касаллиги билан жами 633 нафар беморлар даволаниб, шундан 628 таси тўлиқ соғайган. Шунингдек бугунги кунда 5 нафар беморлар даволанмоқда.

 (Жисмоний тарбия ва спорт бўйича)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги  ПФ-6099-сонли “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ҳар бир маҳаллада соғлом турмуш тарзига риоя этиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан хафтанинг ҳар шанба кунини спорт куни деб белгилаб олиб, 5 минг қадам акцияси, веломарофон, футбол ва бошқа спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилмоқда. 

Туманда спорт билан мунтазам шуғулланиш учун бугунги кунда жами 303 та спорт иншоотлари мавжуд.

Мавжуд имкониятлардан кенг фойдаланган ҳолда жорий йилда 142 нафар спортчилар туман, вилоят ва республика миқёсидаги ҳар хил спорт мусобақаларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритдилар. Улардан Ўзбекистон чемпионати мусобақаларида 12 нафар, вилоят мусобақаларида 26 нафар ва туман мусобақаларида 104 нафар спортчилар совринли ўринларни қўлга киритдилар.

Ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари бўйича туман Мудофаа бўлими томонидан “Ватанпарварлик” ойликлари доирасида ўқувчи ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва уларда ватанга муҳаббат ҳиссини ошириш мақсадида барча умумтаълим мактабларига саёҳатлар уюштирилган ва кўргазмали тадбирлар намойиш этилган.

 

(Жиноятчиликни олдини олиш бўйича)

Туманда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва унга қарши курашиш, маҳаллаларда маънавий муҳитни яхшилаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, намунали жамоат тартибини сақлаш борасида, ички ишлар, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, Миллий гвардиянинг ҳудудий қўриқлаш ботальёни ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасига масъул бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда бир қатор махсус ва тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

Жиноятни жиловлаш, жиноят содир этишга мойил шахсларни профилактик қамровга олиш мақсадида, жиноят содир этишга мойил ва жиноят қурбони бўлиш эҳтимоли юқори бўлган 44 та тоифага мансуб, 3415 нафар шахсларнинг манзилли рўйхатлари маҳаллалар ва секторлар кесимида шакллантирилиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Ўтказилган тадбирлар давомида, профилактика инспекторлари томонидан маъмурий амалиёт йўналишига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, шу йилни 11 ойи давомида, 9403 нафар ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар аниқланиб, уларнинг маъмурий жавобгарлиги таъминланди.

                               (“Аёллар дафтари” бўйича)

Маҳаллалар кесимида хонадонма-хонадон юриб, ҳатлов қилиш жараёнида туманда 38 минг 125 нафар 30 ёшдан юқори бўлган аёллар борлиги аниқланди.

38 957 нафар 30 ёшдан юқори бўлган аёллардан  38 минг 125 нафари электрон базага киритилди.

Сўровнома тўлдириш жараёнида 37 минг 439 нафар ( 98.2%) хотин-қизлар ўз уйида, 332 нафари ижарада, 354 нафари (0.9%) қариндошлари билан, яшаб келаётганлиги аниқланди.

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг оилавий ва ижтимоий ҳолати таҳлил қилинганда:

167 нафари “Темир дафтар”га киритилган аёллар, 646 нафари оила қурмаган аёллар, 438 нафари бева аёллар, 501 нафари боқувчисини йўқотган аёллар, 301 нафари ёлғиз оналар, 34197 нафари ҳимоя ордери борасида хабардор аёллар, 210 нафари 1-гуруҳ ногирони, 557 нафари
2-гуруҳ ногирони, 159 нафари 3-гуруҳ ногирони эканлиги аниқланди.

(“Ёшлар дафтари” бўйича)

Туман аҳолисининг 47479 нафари (22.3 %) 18-30 ёшгача бўлган ёшларни ташкил этади. Улардан 736 нафари (1.5%) ҳозирда хорижий давлатларга ишлаш мақсадида кетган. Хатлов натижасида ўрганилган жами 45 425 нафар ёшларнинг 23583 нафари (51.9%) эркаклар,
21842 нафари (48.1%) хотин-қизлардан иборат.

Бугунги кунда туманнинг 124 нафар ёшлари (0.3%) “Темир дафтар”да рўйхатга олинган.

(Ёшларнинг ижтимоий аҳволи бўйича)

Ҳозирги вақтда 31341 нафар (69%) ёшлар яхши, 12443 нафари (27.4%) қониқарли ва 1641 нафари (3.6%) қониқарсиз аҳволда яшайди.

Ўрганишлар натижасига кўра, 45425 нафар ёшлардан, 44322 нафари (97.5%) меҳнатга лаёқатли ҳисобланиб, 1103 нафари (21 нафари 1-гуруҳ, 998 нафари 2-гуруҳ ва 84 нафари 3- гуруҳ ногиронлари) меҳнатга лаёқатсизлар ҳисобланади.

2020 йилнинг январь-ноябрь ойлари давомида 811 нафар хотин-қизлар иш билан таъминлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишган бўлиб, шундан 178 нафари доимий иш билан таъминланди. 34 нафар хотин-қизларга давлат субсидияси орқали иссиқхоналар қуриб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2017 йил
5 ноябрдаги 799-сонли қарорига асосан ҳақ тўланадиган жамоат ишларига хотин-қизлардан 579 нафари жалб этилди.
28 нафар хотин-қизларга таклиф қилинган ишлар мақбул келмаганлиги сабабли, ишсизлик нафақаси тайинланди.

Хотин-қизларни ўзини-ўзи банд қилиш истаги борларини доимий бандлигини таъминлаш мақсадида жорий йил 3-чорак давомида 6 маротаба меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, унда 167 нафар хотин-қизларга мос ишлар бўйича йўлланмалар берилди.

Бундан ташқари, касб-ҳунар ўргатиш марказида амалий семинар ва кўргазмалар ўтказилди. Сектор раҳбарлари ва хомийлар томонидан
143 нафар ҳотин-қизларга тикув машиналари берилди.

Бугунги кунда бандликка кўмаклаш маркази томонидан касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида ташкил этилган ўқув курсларидан ташқари вилоят “Тадбиркор аёл” уюшмаси томонидан  110 нафар хотин-қизлар ўқитилди.

(Ирригация тармоқлари ва тратуарларни таъмирлаш бўйича)
       Туманни айниқса Оқтош шаҳрини қиёфасини ўзгартириш замонавий кўринишга келтириш учун 2021 йилда Оқтош шаҳрининг Алишер Навоий ва Амур Темур кўчаларини 2,0 км. масофасини ободонлаштириш, кўчаларни ёритиш, ирригация тармоқлари, пиёдалар йўлакларини таъмирлаш, янгидан қуриш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилиб, вилоят ҳокимлиги ва тегишли бошқармаларга тақдим этилди.

 

(Ичимлик суви таъминоти бўйича)

Нарпай тумани аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида охирги 3 йилда улкан ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда жами 30 та маҳаллалар ҳудудига тармоқ орқали тоза ичимлик суви етказиб берилмоқда.

Инвестиция дастурига асосан 2021 йилда Мирбозор қўрғони, “Тортувли” ҳамда “Баркамол” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларига 44 км масофада янги сув тармоғи тортилиб, 2114 та аҳоли хонадонларига тоза ичимлик суви кириб боради.

(Оқова сув тармоғини яхшилаш бўйича)

Хабарларингиз бор, бир неча йиллардан буён Оқтош шаҳридаги кўп қаватли хонадонларда канализация тармоғи мавжуд эмас эди.

Ҳурматли Президентимизнинг 2018 йил 30 ноябрдаги ПҚ-4040-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2019-2020 йилларда лойиҳа қиймати 20,5 млрд.сўмлик сув тозалаш иншооти қурилиб ишга туширилди. Бугунги кунда Оқтош шаҳри марказидаги 12 та кўп қаватли уйлар тўлиқ канализация тармоғига уланган.

2021-2022 йилларда Оқтош шаҳридаги барча кўп қаватли уйлар, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, корхона ва ташкилотларни тўлиқ канализация тармоғига улаш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари 2021 йилда тумандаги 2 та (55-56) умумтаълим мактабларини мукаммал таъмирлаш, инвестиция дастури асосида 3 та (47,62,66) мактабгача таълим ташкилотлари бинолари реконструкция қилиниши белгиланган.

Туманда 2021 йилда 25 км йўлларга асфалть қопламаси ётқизиш ҳамда 36 км тупроқ йўлларни тош йўлларга айлантириш режалаштирилган.

(Уй-жой қуриш бўйича)

Аҳолини сифатли уй-жой билан таъминлаш мақсадида 2021 йилда субсидия асосида 5 қаватли 20 хонадондан иборат 2 та уйлар қуришни режалаштирганмиз.

Ҳурматли депутатлар, қадрли тадбир иштирокчилари!

Бажарилган бу ишлар ҳеч биримизни қаноатлантирмайди.

Тобора яқинлашиб келаётган янги – 2021 йилда ҳалқимиз, депутатларимиз ва фидойи раҳбарларимиз билан биргаликда олдимизга қуйган режаларимизни биргаликда қулни-қулга бериб бажаримиз деб ишонаман.

Эътиборингиз учун раҳмат!

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM