ТЎҒРИ ЙЎЛНИ ТАНЛАШГА КЎМАК

Туман ҳокимлиги мажлислар залида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турларига ҳукм қилинган назоратдаги шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштиришга қаратилган умумпрофилактик тадбир ўтказилди.

Туман ҳокимлиги, прокуратура ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида бўлиб ўтган тадбирда дастлаб, туман ҳокими Шерзод Раҳмонов назоратдаги шахслар эндиликда хатоларидан тўғри хулоса чиқариб, ҳам жамият, ҳам ўз манфаатлари йўлида ҳалол меҳнат қилиш лозимлиги хусусида тўхталди.

Туман прокурори ўринбосари Отабек Қодирқулов Юртбошимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти юзасидан сўз юритди.

Бундан ташқари, вилоят ИИБ Пробация бўлими бошлиғи Зокир Абдураҳмонов, туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Маъмуржоновлар назоратдаги шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш ҳақида фикр билдиришиб, бу турдаги жазоларни ўташ тартиб-қоидалари ҳақида тушунча бердилар.

Тадбирда бир қатор назоратдаги шахсларга бадиий китоблар тарқатилди.

Шундан сўнг озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турларига ҳукм қилинган назоратдаги шахсларнинг мурожаатлари эшитилди.

Мурожаатлар юзасидан  2 нафар шахснинг бандлиги таъминланган бўлса, 8 нафарига ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди. Шу каби 9 нафар назоратдаги шахс касбга йўналтирилиб, яна 9 нафарига тадбиркорлик учун кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилади.

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM