ЁШЛАР БИЛАН НООДАТИЙ УЧРАШУВ Бу сафар таниқли ижодкорлар ҳам иштирок этди

Шу йилнинг 19 январида мамлакатимиз раҳбари раислигида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш чора-тадбирларига бағишлаб ўтказилган видеоселекторда жойларда маънавий тарғибот тадбирларини ташкил этишга алоҳида урғу берилди.

Шу боис 27-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ноодатий тарзда уюштирилди.

Самарқанд шаҳрида яшаб, ижод қилаётган таниқли шоирларнинг ташрифи учрашувни чин маънода тарғибот тадбирига айлантирди.

Туман ҳокими иқтидорли ёшлар билан ўтказилган ўтган галги учрашувида ҳаваскор ижодкорларнинг шеърларини тинглаб, бу сафарги тадбирга эл севган шоирларни таклиф қилишини айтганди.

Таклифга биноан келган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Хосият Бобомуродова, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими бош мутахассиси, шоира Зуҳро Бегим, шоир Хуршид Нуруллаевлар дастлаб, мамлакатимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, ёшларга қаратилаётган эътибор ҳақида сўз юритдилар. Сўнг ўз ижод намуналаридан ўқиб эшиттиришди.

Ўзларининг қаламларига мансуб шеърларини ўқиган туманимизнинг ёш ижодкорларига бадиий китоблар туҳфа этилди.

Тадбирда туман ҳокими Шерзод Раҳмонов иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ижод намуналаридан шеърий тўплам чоп эттиришини таъкидлади.

Меҳмонлар 17, 61 ҳамда 69-умумтаълим мактабларида ҳам бўлиб, ижодий учрашувлар ўтказдилар.

2015-2024 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM