Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27 йиллиги байрами муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбиридаги табрик сўзи

Ассалому алайкум азиз Нарпайликлар! Муҳтарам меҳмонлар!

Мана юртимиз яна байрам оғушида. Мамлакатимиз ҳаётидаги унутилмас тарихий воқеа – Ўзбекистонимиз мустақилликка эришган куннинг йигирма етти йиллигини нишонламоқдамиз.

Ана шу буюк санани ота-боболаримиз асрлар давомида интилиб, орзиқиб кутган, ҳақиқатдан ҳам, барчамиз учун энг улуғ, энг азиз байрам бўлмиш мустақиллик куни билан Сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун Нарпай аҳлини чин қалбимдан табриклайман.

Ишончим комилки, асрлар, замонлар ўтар, аммо, барчамизга ўзлигимзни англаш, инсоний шаънимизни, қадр-қимматимизни, ўз юртимизни севишни, тилимиз, муқаддас динимизни ва тарихимизни қайтариб берган бу улуғ айём Ватанимиз тарихида олтин саҳифа бўлиб, абадий сақланиб қолади.

Қадрли дўстлар! Бу йилги байрам тантаналари, юртимизда  “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган шиор остида нишонланмоқда.
Албатта, дунёда мамлакатлар кўп. Лекин Сизу биз учун ягона ва азиз – жонажон  Ўзбекистон танҳодир. Она диёримиз дунё илму фанига муносиб ҳисса қўшган не-не олиму фозилларга бешик бўлмаган дейсиз. Ҳазрати Алишер Навоий, Ибн Сино, Бобур, Улуғбекдек шоиру тиб ва коинот илмининг олимлари, соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Спетамин сингари мард, жасур саркардаларнинг авлоди эканлигимиздан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирмонович Мирзиёев раҳбарлигида “Буюк келажагимизни мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деган тамоийлга асосан, миллатлараро дўстликни янада мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти барпо этиш, аҳоли турмушини яхшилаш, одамлар розилигига эришиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳисобидан қўлга киритган ютуқ ва юксак марраларимизнинг халқаро майдонда эътироф этилаётганини, Ватанимиз салоҳияти, моддий, иқтисодий ҳамда интеллектуал куч-қудратимиз тобора ошиб, шаҳару қишлоқларимизнинг қиёфаси ўзгариб бораётганини ҳеч ким инкор этолмайди.

Кўпчиликни ҳайратда қолдираётган бундай ҳақиқатни тасдиқлаб берадиган кўпгина рақам ва маълумотларни келтириш қийин эмас. Биргина туманимиз мисолида айтадиган бўлсак, ўтган бир йил давомида барча соҳаларда улкан муваффақиятларга эришилди.

Биргина иқтисодиёт соҳасини оладиган бўлсак, аввалари кўпгина маҳсулотлар туманимизга чет давлатлардан келтирилган бўлса, ҳозирги вақтда уларнинг ўрнини маҳаллий маҳсулотлар эгаллаб бормоқда. Яъни энди ўзимиз экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқармоқдамиз. Масалан, жорий йилнинг 8 ойига қадар 1426 минг долларлик маҳсулот четга экспорт қилинди. Қишлоқ хўжалиги йўналишида эса ўтган йили пилла, ғалла, пахтадан юқори ҳосил олиниб, белгиланган шартнома-режалар вилоятда биринчилардан бўлиб ортиғи билан бажарилди. Ўтаётган йилда ҳам давлат хирмонига 18552 тонна дон топширилиб, вилоятда биринчи бўлиб ортиғи билан бажарилди. Натижада олинаётган даромадлар аҳолининг турмушини, шаҳар ва қишлоқларимизнинг инфратузилмасини яхшилашга йўналтирилмоқда. Йил бошидан
61 нафар ногиронлиги бор фуқароларга аравача, қўлтиқ тайёқ, эшитиш мосламалари берилди. Бундан ташқари 5 километр йўлга асфальт ётқизилиб, таъмирланди.

Жорий йилда 112 та намунавий арзон уй-жойлар қурилиши режалаштирилиб, белгиланган муддатда эгаларига топширишни олдимизга мақсад қилиб олганмиз.

Ҳурматли дўстлар! Шу кеча кундузда шаҳримиздаги кўп қаватли уйларни таъмирлаш, ободонлаштириш, тоза ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш, одамларимизнинг яхши яшашлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасида ҳам бир мунча ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, “Ёшлар” истироҳат боғи кўкаламзорлаштирилиб, халқимизнинг маданий дам олишларига муносиб шароит яратилди.

Қишлоқларда кутубхона, маданият уйларини қуриш, ичимлик сувини келтириш, йўлларни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Тумандаги 48, 49-умумтаълим мактаблари тўлиқ реконструкция қилинади ҳамда 60-умумтаълим мактаби  спорт зали янги ўқув йилида тўлиқ ишга туширилади.

2018 йил давлат инвестиция дастурига тушган 1, 13, 65 мактабгача таълим муассасалари ҳамда “Обод қишлоқ” дастурига асосан “Янгиариқ” МФЙ “Бустон” қишлоғида 70 ўринли ва “Соҳибкор” МФЙ “Соҳибкор” қишлоғида 75 ўринли мактабгача таълим муассасаси янгитдан қурилиб, жорий йилда топширилиши режалаштирилган.

Давлат хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасасини қуриш бўйича 40 нафар ташаббускор тадбиркорлардан аризалар қабул қилиниб, шундан 7 тасида қурилиш монтаж ишлари бошланган, 33 тасига қурилиш учун ер майдонларини танлаш ва бўш турган биноларни бериш чоралари кўрилмоқда.

Тумандаги 56 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида 58 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар ва фуқаролар томонидан нодавлат оилавий мактабгача таълим муассасаларини очиш истагини билдирган. Шу билан биргаликда барча маҳаллаларимизда ҳаммомлар ва ёшлар учун “Ёшлар меҳнат гузарлари”, “Коворкинг марказлари” қуриш режалаштирилган.

Бундан ташқари, “Обод қишлоқ” дастурига мувофиқ “Янги ариқ”, “Соҳибкор”, “Умид” маҳалла фуқаролар йиғинларида кўтаринки кайфият билан қурилиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Насиб этса, ушбу масканларимиз таниб бўлмас даражада чирой очиб, ўзгаришига ишонамиз.

Яна бир иншоотнинг қурилиши ҳақида гапирмоқчиман.

Иккинчи жаҳон урушида озодлик, фаровон турмушимиз, тинч-осуда кунларимиз учун жанг қилиб ҳалок бўлган нарпайлик уруш қатнашчиларининг хотираларини абадийлаштириш мақсадида янги Мотамсаро Она ҳайкалини ва ёдгорлик мажмуаси бунёд этилди. Мажмуада 2748 нафар ҳамюртларимизнинг исм шарифлари зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилди. Албатта, уларнинг кўрсатган жасорати Сизу биз учун ибрат мактаби бўлиб қолади.  

Азизлар! Президентимиз шу йилнинг 17 март куни вилоятимизга қилган ташрифи чоғида “Қанча кўп иш ўрни яратилса, одамлар шунча рози бўлади”, деб айтгандилар. Шунинг учун аҳолини, айниқса, хотин-қизларни, ёшларни бандлигини таъминлаш йўлида тизимли режаларни ишлаб чиқмоқдамиз.
    Туманни 2018-2019 йилларда ривожлантиришга мўлжалланган истиқболдаги режаларга кўра 57 та лойиҳани амалга ошириш, бунинг натижасида 522 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган.
Бу ана шунча оиланинг моддий таъминоти яхшиланишига олиб келади. Ёки ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёшлар- келажагимиз” ва “Ҳар бир оила тадбиркор” Давлат дастурларига мувофиқ ёшларга имтиёзли кредитлар берилиши кўзда тутилган. Шу кунларда уларнинг мурожаатлари ўрганилиб чиқилмоқда, демак, ҳадемай тадбиркорларимиз сафи янада кенгайиб, янги иш ўринлари сони ортади.

Қадрли дўстлар, нарпайликлар! Эришган ютуқларимиз албатта, ўзимизники. Лекин ниманинг ҳисобидан бундай муваффақиятлар қўлга киритилмоқда? Албатта, мустақиллик, тинчлик ортидандир. Уни қадрлаш, улуғлаш эса барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Шундай экан ана шу икки улуғ неъматни кўз қорчиғмиздек асрайлик!

Байрамлар ортидан байрамлар келаверсин, биз нарпайликлар ҳам мустақиллигимизни ўз меҳнатимиз билан мустаҳкамлаб, унинг равнақига муносиб ҳисса қўшамиз. Туманимизда олиб борилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ишларида барчангизни фидоий бўлиб, ҳамжиҳатлик билан меҳнат қилишга чорлайман.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Эътиборларингиз учун раҳмат.

Нарпай тумани ҳокими Б.Жабборов

2015-2019 © Нарпай туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM